ЎзМУ ўрнини Акфа эгаллайдими?

Шу кунларда Ўзбекистон миллий университети бошқа жойга кўчирилиб ўрнига Акфа университети жойлаштирилиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлмоқда, деб ёзади Минбар нашри.

Тасдиқланмаган хабарларга қараганда Акфа университети таркибида тиббиёт йўналиши мавжуд бўлиб, ушбу йўналиш ичида клиника ташкил қилинади. Клиника шаҳарга қулай жойда бўлиши учун ҳам Акфа университети ЎзМУ ҳудудига кўчирилиши мумкин.

Агар бу хабар чин бўлса, Ўзбекистондаги (бутун Марказий Осиёдаги) биринчи университет ҳудудига биринчи хусусий университет жойлашади. Ҳозирча ушбу маълумот расмийлар томонидан тасдиқланмади.

Бундан аввал ҳам бу гап кўтарилган бўлиб, феврал ойида Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Турсун Аҳмедов шаҳардаги Ўзбекистон миллий университети ва Тошкент давлат техника университети шаҳар ташқарисига кўчирилиши мумкинлигини айтганди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса ўшанда ҳокимият ЎзМУ ва Тошкент давлат техника университетининг шаҳардан ташқарига кўчирилишидан бехабарлигини билдирган. Акфа университети Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилган бўлиб унда фундаментал, тиббиёт, аниқ ва гуманитар фанлар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Таълим етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда инглиз тилида берилади.

Абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари университет томонидан белгиланади. Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида кундузги шаклда амалга оширилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда эътироф этиладиган диплом берилади.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас