Жамият

“Cредит Ҳоусе”: фирибгарлик қурбони бўлган фуқаролар Президентдан ёрдам сўрамоқда

Administrator14-август, 2026, 08:06540 кўришлар
“Cредит Ҳоусе”: фирибгарлик қурбони бўлган фуқаролар Президентдан ёрдам сўрамоқда

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги “Боғишамол” турар-жой мажмуасидан квартираларни қонуний асосда сотиб олган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат қилди.

Уларнинг таъкидлашича, квартиралар нотариал тасдиқланган дастлабки олди-сотди шартномалари асосида қонуний равишда сотиб олинган. Бироқ кейинчалик ушбу квартиралар харидорлардан яширин ҳолда банк гаровига қўйилгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, биринчи инстансия Яккасарой суди фуқароларни жабрланувчи сифатида эътироф этган. Иш бўйича 9 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган эди. Жумладан, ишда асосий айбдорлардан бири сифатида кўрсатилган Дмитрий Баженов 9-йилга озодликдан маҳрум қилинган. Уч нафар аёл судланувчига нисбатан эса шартли жазо қўлланилиб, 3-йиллик синов муддати белгиланган.

Бироқ мурожаатчиларнинг айтишича, уларнинг ҳалол харидор сифатидаги ҳуқуқлари, квартираларнинг кейинги тақдири ва гаров шартномаларининг ҳуқуқий оқибатларига тўлиқ баҳо берилмаган. Энг асосий муаммо эса шундан кейин юзага келган.

Энг муҳими, банк фуқаролик суди орқали гаровдаги мулкка ундирув қаратиш ҳақида қарор олган. Натижада жиноятдан жабрланган харидорлар ўзлари қонуний равишда пул тўлаб сотиб олган уй-жойларидан маҳрум бўлиш хавфига дуч келмоқда.

Айни пайтда “Cредит Ҳоусе” иши бўйича жиноят иши Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида кўрилмоқда. Унда иш бўйича жабрланган фуқаролар масаласи кўриб чиқилмоқда.

Аввалроқ, Эффеcт.уз мухбири суд жараёнида иштирок этиб, мазкур муҳокамаларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқатишга чеклов қўйилганини маълум қилган эди.

“Судялар бу масалага баҳо бериш ваколатига кирмаслигини билдирмоқда”, — дейилади мурожаатда.

Шу билан бирга, ҳалол харидорларнинг квартираларга бўлган мулкий ҳуқуқи билан боғлиқ масала Тошкент шаҳар фуқаролик судида кўриб чиқилмоқда.

Мурожаатчилар Президентдан судларга босим ўтказиш ёки уларга имтиёз беришни эмас, Конституция ва қонунларнинг барчага бир хил қўлланилишини ҳамда ҳалол меҳнат билан сотиб олинган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини сўрамоқда.

“Биз судларга босим ўтказилишини ёки имтиёз берилишини сўрамаяпмиз. Биз фақат Конституция ва қонунлар ҳамма учун бир хил қўлланилишини, ҳалол меҳнатимиз билан сотиб олган уйимизга бўлган ҳуқуқимиз ҳимоя қилинишини ва адолат қарор топишини сўраймиз”, — дейилади мурожаатда.

Мурожаатчилар ўз талабларини Конституциянинг 29-моддаси билан ҳам асослаган. Унда ҳуқуқбузарликлардан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат уларга ҳимояланиш ва одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ “Cредит Ҳоусе” ва “Ин Фин Строй Инвест” билан боғлиқ ҳолатни очиқ тилга олган эди.

Давлат раҳбари ушбу компаниялар квартира сотиш важи билан 2 минг нафар фуқарони алдаб, 490 млрд сўм пулларини ўзлаштиргани ҳақида маълум қилган.

“Ўзбекистонда бўляпти бу гаплар. ... “Cредит Ҳоусе”, “Ин Фин Строй Инвест” қурилиш корхоналари квартира сотиш важи билан 2000 нафар фуқарони алдаб, 490 млрд сўм пулларини ўзлаштирган. ... Жаҳонгир Хатамов, ташкилотингиз бундай уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига қачон барҳам беради? Сизлар қилмасанглар ким қилади, Хатамов?” — деган Президент.

Бугун, 14-август куни эса харидорларнинг квартиралари бўйича фуқаролик судида муҳим жараён бўлиб ўтиши кутилмоқда. Жамоатчилик учун асосий савол ҳам шу: жиноятдан жабрланган деб топилган, квартира учун қонуний равишда пул тўлаган харидорларнинг мулкий ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинади?

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Cредит Ҳоусе”: фирибгарлик қурбони бўлган фуқаролар Президентдан ёрдам сўрамоқда | Effect.uz