⚠️ ATTENTION: The site is running in test mode!⚠️ ATTENTION: The site is running in test mode!
Society

Боғчалардаги зўравонлик ва хаспўшланган ҳақиқатлар: муаммони яшириш соҳани инқироздан қутқарадими?

Administrator10 h ago11 views
Боғчалардаги зўравонлик ва хаспўшланган ҳақиқатлар: муаммони яшириш соҳани инқироздан қутқарадими?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида мактабгача таълим муассасаларида болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш, уларни калтаклаш ва жисмоний ҳамда руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ нохуш видеолар кетма-кетлиги жамоатчиликнинг кучли норозилигига сабаб бўлмоқда. Effect.uz журналистлари Муҳаммад Али Қозоқов ҳамда Акмал Эшонхонов Самарқанд вилояти Ургут туманидаги боғчаларда содир бўлган мудҳиш воқеалар ва таълим тизимидаги нуқсонларни ўрганиш мақсадида кетма-кет журналистик суриштирувлар ўтказди.

Ургут туманидаги 1-сонли давлат боғчасида бундан бир ярим ой аввал ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишлаб келган Гамирова Албина устидан ота-оналар таҳририятга шикоят билан мурожаат қилишган эди. Иддаоларга кўра, у болаларни қўрқитган, жазо тариқасида кўрпа бермаган, гилам ювдирган ва ҳаттоки жисмоний куч ишлатган. Энг даҳшатлиси — боғчага келган болалардан бирининг бўйнида сиртмоқ изи пайдо бўлган. Суриштирув давомида гуруҳдаги кузатув камерасига атайлаб клей (елим) суртилиб, навбатдаги зўравонликларни яшириш учун увининг кўриш доираси тўсиб қўйилгани маълум бўлди. Дастлаб айбловларни рад этган Гамирова Албина, якунда камерани айнан ўзи бузганини тан олишга мажбур бўлган.

Муассаса мудирасининг маълум қилишича, Гамирова Албина бир неча бор огоҳлантириш ва чақирув қоғозларига қарамасдан ишга келмаган. Натижада у ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузгани ҳамда 2 мартдан 13 мартгача сабабсиз ишга келмагани муносабати билан Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми 5-бандига асосан ишдан озод этилган. Айни пайтда муассасада барча кузатув камералари қайта таъмирланиб, ишга туширилган. Соғлом муҳит тиклангач, гуруҳдаги болалар сони қайта кўпайиб, 30 тага етган ҳамда бошқа тарбиячилардан болаларга нисбатан тажовуз қилмаслик ҳақида кафолат хатлари олинган.

Шунингдек, Ургут туманидаги навбатдаги шов-шувли воқеа „Кўзмунчоқ“ номли нодавлат боғчада кузатилди. Боғча тарбиячисининг болани дарс жараёнига халақит бергани учун „тинчлантириш мақсадида“ қўл кўтаргани акс этган видео тармоқларга сизиб чиқди. Ҳозирда туман ИИБ вояга етмаганлар бўйича профилактика инспекторлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Бироқ ушбу ҳолат ортидан Махсус бошқарма масъулларининг матбуотга нисбатан берган сохта ваъдалари юзага чиқди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Йўлдошев журналистлар билан учрашувда муаммони яширмаслигини, очиқлик тарафдори эканини айтиб, Effect.uz жамоаси билан биргаликда жойига бориб ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузишга ваъда берганди. Аммо эртаси куни боғчага етиб борилганда, ишчи гуруҳ журналистларсиз келиб-кетгани, матбуот котиби эса телефонда гўшакни кўтариб, гўё „тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслик“ важи билан вазиятни хаспўшлашга ва очиқчасига ёлғон гапиришга ўтгани маълум бўлди. Ваҳоланки, „Кўзмунчоқ“ боғчаси вазирликдан умуман лицензия олмай, ўзбошимчалик билан ноқонуний фаолият юритиб келган экан.

Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Йўлдошев вилоятда 35 мингдан зиёд давлат ва нодавлат боғчалар борлигини айтиб, битта салбий ҳолат туфайли бутун тизимни қоралаш адолатдан эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, боғчалардаги зўравонлик ҳолатларига баъзи раҳбарларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги ва жараённи тўлиқ назорат қилмаслиги сабаб бўлмоқда. Айни вақтда ўз лавозимига лойиқ бўлмаган бир қатор мактаб ва боғча директорлари ишдан озод этилган. Кадрлар салоҳиятини ошириш учун эса ишга қабул қилишда судланмаганлик ва руҳий соғломлик талаблари кучайтирилмоқда.

Чекка ҳудудлардаги мана шундай жиддий қонунбузарликлар ва тизимли инқирозлар кузатилаётган бир пайтда, таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг боришини кўздан кечириш, жойлардаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрган мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова Effect.uz мухбири Муҳаммад Али Қозоқовнинг тизим ютуқ ва камчиликлари борасидаги саволларига жавоб берди.

Тезкорлик билан ташкил этилган ушбу эксклюзив интервю давомида вазир тизимдаги нуқсонларни очиқлаётган ҳамда халқ билан давлат хизматчиси ўртасида ҳақиқий кўприк бўлаётган ОАВ ходимларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Вазирнинг қайд этилишича, президент топшириғига кўра, энди ўқитувчиларнинг билими қуруқ аттестация тестлари билан эмас, балки уларнинг ҳақиқий педагогик маҳоратини баҳолайдиган замонавий тизим асосида текширилади ва ўқитувчилар учун махсус карьера зинапояси яратилади.

Тизимдаги бошқарув сифатини ошириш мақсадида мактаб директорларидан тортиб, туман бўлим бошлиқлари ва ҳудудий бошқарма масъулларигача бўлган бутун занжир махсус менежерлик курсларида босқичма-босқич ўқитилади.

Ёшларни замонавий технологиялардан тўғри ва самарали фойдаланишга ўргатиш мақсадида Хитойдан махсус ўқув қўлланмалари олиб келинган бўлиб, улар айни пайтда ўзбек тилига ва миллий тизимга мослаб таржима қилинмоқда ҳамда тез орада мактабларга етказилади.

Вазир Бухоро таълим тизимининг бой тажрибаси борлигини, айниқса аниқ ва табиий фанлар йўналишида вилоятнинг салоҳияти жуда юқори эканини алоҳида таъкидлади ва ташрифи давомида Қоракўл туманидаги таълим жараёнлари билан ҳам танишганини айтиб ўтди

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, болаларимизнинг хавфсиз ва соғлом муҳитда улғайиши — оила ва таълим тизимининг ўзаро жипслигига боғлиқ. Агар ота-оналар ҳар куни фарзанди билан суҳбатлашиб, унинг боғчадаги куни қандай ўтганини назорат қилмаса, соҳадаги мавжуд камчиликлар фарзандларимиз келажагига соя солишда давом этаверади. Назорат бор жойда эса зўравонликка ўрин қолмайди

Таҳририят мазкур мавзуни тўлиқ назоратга олади ва ҳудудлардаги суриштирувларини давом эттиради.

Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.

 

Share:

Related News

Боғчалардаги зўравонлик ва хаспўшланган ҳақиқатлар: муаммони яшириш соҳани инқироздан қутқарадими? | Effect.uz