5 миллиард сўмлик инвестиция киритган фермер иши бугун суд жараёнида. Нима сабабдан илгари намуна сифатида эʻтироф этилган хўжалик муаммога дуч келди?
Қўшкўпир туманида фаолият юритувчи фермер хўжалиги ҳокимлик томонидан киритилган даʻво асосида суд мажлисига чақирилди. Асосий баҳс — Агробанкдан олинган 301 миллион сўм кредит қарздорлиги ва 102 квадрат метр ерда мавжуд қурилма масаласи. Суд жараёни 3-апрелга белгиланган.
Айни экин мавсумида фермер далада эмас, суд залида. Қўшкўпир туманидаги фермер хўжалигига нисбатан ҳокимлик томонидан киритилган даʻво аризаси юзасидан Урганч туманлараро судида навбатдаги мажлис бўлиб ўтди.
Суд жараёнида даʻво аризасида келтирилган важлар муҳокама қилинди ва уларга қарши далиллар тақдим этилди. Аввал намуна сифатида баҳоланган хўжаликка имтиёзли пахта териш ускуналари ажратилган, қарийб 5 миллиард сўмлик инвестиция киритилган ва техника янгиланган. Шу боис, вазиятнинг кескин ўзгариши диққатга сазовор.
Асосий баҳсли масалалардан бири — фермер хўжалигининг Агробанкдан олган 301 миллион сўм кредит қарздорлиги. Оддий шароитда банк бевосита судга мурожаат қилиши мумкин бўлган бўлса-да, ҳозирда ҳокимлик аризаси билан суд жараёни давом этмоқда. Бу эса банк ва ҳокимлик ўртасидаги алоқадорлик бўйича саволларни келтириб чиқармоқда.
Яна бир масала — Кадастр агентлиги маʻлумотига кўра, хўжалик ҳудудида 102 квадрат метр ерда ноқонуний қурилма мавжуд. Қурилма 2010-йилгача мавжуд бўлган молхона деворининг бир қисми бўлиб, кадастр ҳужжатларидаги чегарадан чиқиб кетган. Шу кунгача бу масалага чора кўрилмагани саволларни оширмоқда.
Судда ҳокимлик вакили томонидан келтирилган қўшимча важлардан яна бири — фермер хўжалигига туташ ҳудудда содир бўлган ёнғин ва дарахтларга зарар етган. Бироқ экологик назорат ва бундай ҳолатлар бўйича чоралар тегишли мутасадди органларга тегишли.
Умуман олганда, келтирилган важлар фермерга қарши бўлиб айнан шундай сабаблар ер ижарасини бекор қилишга асос сифатида кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, айрим важлар ҳокимлик ваколатига бевосита тааллуқли эмас.
Навбатдаги суд мажлиси 3-апрелга белгиланган. Қўшкўпир туманидаги бошқа фермерлар ва тадбиркорлар ҳам бу ҳолатни диққат билан кузатмоқда.



