Жамият

Ваъдалар ва заҳарли чанг гирдобида қолган Каттақўрғон: Жавлон маҳалласининг тинкасини қуритаётган муаммолар

Administrator9-июн, 2026, 01:43161 кўришлар
Ваъдалар ва заҳарли чанг гирдобида қолган Каттақўрғон: Жавлон маҳалласининг тинкасини қуритаётган муаммолар

Каттақўрғон туманидаги Жавлон маҳалласи аҳлининг энг катта оғриғи — аҳоли яшаш жойига яқин ҳудудда жойлашган ноқонуний асфалт заводидир. Аввалига "тош майдалаш заводи" сифатида рўйхатдан ўтган ушбу корхона атрофга заҳарли тутун ва қуюқ чанг тарқатмоқда. Оқибатда болалар ўртасида нафас қисиши ва аллергия кучайган, уйларнинг ичи ва экинлар қоракуя билан қопланиб, қуримоқда.

Экологлар ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари вазиятни текширишга ваъда берган бўлса-да, амалда ҳалигача ҳеч қандай натижа сезилгани йўқ. Яна бир ачинарли ҳолат: заводнинг оғир юкли махсус техникалари ички йўлларни бутунлай вайрон қилган. Кун иссиғида чанг-тўзон, ёмғирда лой-балчиқ бўлаётган бу кўчалардан нафақат болаларнинг мактабга бориши қийин, балки фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам ёки ўт ўчириш машиналари ҳам кира олмайди.

Журналистнинг "Бу йўлдан тез ёрдам ёки ўт ўчириш машинаси юра оладими?" деган саволига аҳоли кескин "йўқ" деб жавоб берди. Каттақўрғон тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари йўлнинг маълум қисмини завод раҳбарияти билан биргаликда таъмирлашни ваъда қилди.

Суҳбат давомида маҳалланинг бошқа тизимли муаммолари ҳам юзага чиқди. Маҳалладаги 7-мактабда икки йилдан бери ичимлик суви чиқмайди, қишлоқдаги мавжуд сувнинг сифати эса ўта ёмон бўлиб, таркибида туз миқдори кўплигидан чойнаклар тагида қалин чўкма қолмоқда. Шунингдек, ҳудудда шифохона (ҚВП) йўқлиги сабабли, аҳоли оддий маълумотнома ёки болаларни эмлаш учун ҳам бошқа қишлоқларга сарсон бўлиб бормоқда. Бундан ташқари, 50 йилдан бери маҳаллада на битта стадион, на болалар ўйингоҳи ва на давлат боғчаси қурилган.

Маҳалла аҳли 2022 йилдан бери президент портали ва ҳокимликларга мунтазам мурожаат қилиб келади. Сайтимизга келиб тушган мурожаат ортидан бошланган ҳаракатларимиз ва вилоят ҳокимлиги орқали қилинган сўровдан сўнггина масъуллар қишлоққа келиб, аҳоли билан учрашув ўтказишга мажбур бўлди. Бироқ жараёнда қатнашган расмийларнинг ҳаракати ҳануз «расмга тушиб, мурожаатни ёпиш» ва навбатдаги қуруқ ваъдаларни беришдан нарига ўтмаяпти. Ҳатто маҳалла раиси ва "еттилик" тизими аҳолига 3 йилдан бери буджет маблағларининг сарфланиши бўйича ҳисобот бермаган.

Туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Расулов Масариддин вазиятни иқтисодий имкониятларга боғлаб, муаммоларни навбати билан ҳал қилишга сўз берди. Бироқ халқнинг сабр косаси аллақачон тўлган.

Эффеcт.уз вазиятни кузатишда давом этади.

Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ваъдалар ва заҳарли чанг гирдобида қолган Каттақўрғон: Жавлон маҳалласининг тинкасини қуритаётган муаммолар | Effect.uz