Жамият

Камера ортидаги "ошхўрлик" ва тармоқдаги "тошбўрон": Ургутдаги майиз бозори машмашаси кимга керак?

Administrator6-июн, 2026, 00:24194 кўришлар
Камера ортидаги "ошхўрлик" ва тармоқдаги "тошбўрон": Ургутдаги майиз бозори машмашаси кимга керак?

Ҳаммаси Мингтепа маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ОАВга қилган мурожаатидан бошланган эди. Раис ўз ҳудудидаги йирик тадбиркорларни халқнинг ерини, яъни "Майиз бозори" олдидаги 86 сотих жойни ноқонуний эгаллаб, автотураргоҳ (стоянка) қилиб олганликда айблади. Журналистик суриштирув давомида Кадастр агентлиги ҳақиқатан ҳам ушбу ерда тартиббузарлик аниқлагани ва тадбиркорларни йирик миқдорда жаримага тортгани маълум бўлди. Тадбиркорлар айбини тан олиб, жарималарни тўлиқ тўлаган. Аммо низонинг илдизи чуқурроқ: маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаб келаётган бу обрўли тадбиркорлар асли бошқа қишлоқдан бўлгани сабабли, вазият сунъий равишда "маҳаллий аҳоли ва келгинди мафиялар уруши" сифатида талқин қилина бошлади. Ижтимоий тармоқлардаги икки томон тарафдорларининг сўкинишлари ва тўқнашув даражасига етиши вазиятни портлаш ёқасига келтириб қўйди.

Биринчи видеоматериал чиққанидан сўнг, тунги соат 21:00 ва 21:30 лар атрофида маҳалла раиси ОАВ вакилларига ваҳима ичида телефон қилади. У Ургут тумани марказидан қайтаётганда машинаси номаълум шахслар томонидан тошбўрон қилингани, ойналари синиб, ҳаёти хавф остида қолганини айтиб ёрдам сўрайди. Гарчи ОАВ билан шартнома фақат битта видео учун тузилган бўлса-да, журналистлар инсонийлик юзасидан, раисга бўлаётган босимни жамоатчиликка кўрсатиш учун тунги соат 01:30 – 02:00 ларда иккинчи видеони мутлақо бепул, яъни ўз ҳисобидан тайёрлаб, тармоққа чиқаришади. Кейинчалик эса бу "тошбўрон" воқеасининг ҳам тафсилотлари шубҳали экани, айнан ким қилгани номаълумлигича қолгани аён бўлади.

Ургут тарихида бундан бир неча йил аввал икки қишлоқ ёшларининг Телеграмдаги оддий тортишуви орқасидан 1000 га яқин одам йиғилиб, қуролли тўқнашув даражасига боргани, 20 дан ортиқ одам қамалиб, кўплаб фуқаролар оғир жароҳат олгани ҳақида фактлар бор. Янги низо ҳам худди шундай қонли тус олмаслиги учун журналистлар томонларни яраштириш ҳаракатига тушади. Ярашув жараёни осон кечмади: раис аввалига жуда катта тўполон қилиб, "менинг шахсиятимга тегишди, узрни қабул қилмайман" деб оёқ тираб олди. Ҳатто сифациз ёзув туфайли илк сёмкалар ўчириб ташланди ва ижодий гуруҳ жаҳл билан қайтиб кетди. Аммо уйига боргач, раиснинг ўз отаси вазиятдан хабар топиб, ўғлини қаттиқ койиди: "сен кимсанки, Аллоҳ бандасини кечирганда, сен узр сўраб келган одамни кечирмайсан?" дейди. Шундан сўнг раис хатосини тушуниб, журналистларни йўлдан қайтариб, ярашишга тайёрлигини билдиради.

Учинчи видео — ярашув видеоси муваффақиятли ёзиб олинади. Тадбиркорлар хурсандлигидан қўй сўйиб, бозор биносидаги замонавий шинам масканда эҳсон оши беришади. Энг қизиғи, маҳалла раиси "эй, узр, бир-биримизни тушунмабмиз", дея қайта-қайта узр сўрайди ва муаммо ўша ерда гўёки ҳал бўлади.

Аммо воқеа бу билан тугамади. Видео эфирга кетгач, маҳалла раиси томонидан яна эски ҳарорат уйғонди. У ОАВга телефон қилиб, "нега мени бақир-чақир қилганларимни видеога қўймадинглар, нега уларни ер тишлатиб кўрсатмадинглар?" деб даъво қила бошлади. Бу ҳам етмаганидек, раиснинг Маданият вазирлиги тизимида ишлайдиган укаси Инстаграм ижтимоий тармоғида "Ургутда нима гап?" номли саҳифа очиб, у ерда ОАВни "ёлғон маълумот тарқатишда, фактларни яширишда" айблаб, арзон обрў (хайп) ортидан қувишни бошлади.

Камера қаршисида отасининг гапи билан кечирим сўраб, кейин эса ижтимоий тармоқда ОАВни лойқалаш — бу иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас.

ОАВ ҳеч қачон шахсий манфаатлар ёки маҳаллий "разборкалар" қуроли эмас. "Жабрдийда раис" образини яратиб, орқаваротдан ОАВга лой отаётган Мингтепа МФЙ раисига эслатиб ўтамиз: агар ушбу сохта баёнотлар ва туҳматлар тўхтатилмаса, журналистлар ўз шаъни ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонуний чора кўришга, яъни судга мурожаат қилишга тўлиқ тайёр!


Муҳаммад Али Қозоқов, Эффеcт.уз

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Камера ортидаги "ошхўрлик" ва тармоқдаги "тошбўрон": Ургутдаги майиз бозори машмашаси кимга керак? | Effect.uz