Жамият

ТУРКСОЙ ва Ислом сивилизацияси маркази: янги ҳамкорлик босқичи бошланди

Administrator12-апрел, 2026, 19:4267 кўришлар
ТУРКСОЙ ва Ислом сивилизацияси маркази: янги ҳамкорлик босқичи бошланди

Туркий дунё интеграцияси янги босқичга чиқмоқда — Тошкент муҳим марказга айланмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Туркий маданият халқаро ташкилоти — ТУРКСОЙ раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида туркий тилли давлатлар ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, илм-фан ва таълим соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим омил эканини таъкидладилар.

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ташаббуслар туркий дунёда интеграция жараёнларига янги суръат бағишлаётгани қайд этилди. Шу нуқтайи назардан, Тошкентда барпо этилган Ислом сивилизацияси маркази йирик илмий-маърифий маскан сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган қўшма тадбирлар муҳокама қилинди. Жумладан, 2026-йилда илк бор Ўзбекистонда Туркий тилли давлатлар ёшлари форумини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур форум октябр ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, унда иқтисодиёт, маданият, таълим ва спорт соҳаларида ютуқларга эришган 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этиши кутилмоқда.

ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Сайид Юсуф Ўзбекистон ва туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, бу жараёнда Ўзбекистондаги Ислом сивилицияси марказининг ўрни алоҳида эканини қайд этди.

Музокаралар якунида томонлар илмий ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

ТУРКСОЙ ва Ислом сивилизацияси маркази: янги ҳамкорлик босқичи бошланди | Effect.uz