Бугун, 13-апрел куни Жиноят ишлари бўйича Шайҳонтоҳур тумани судида судя Сирожиддин Хасанов раислигида фирибгарлик ва товламачилик билан боғлиқ жиноят иши доирасида бир гуруҳ шахслар устидан суд жараёни бошланди.
Судланувчилар фуқароларга қарз бериш баҳонасида кўчмас мулкларни гаров сифатида расмийлаштириш орқали уларни ўз номларига ўтказгани айтилади. Қарз ўз вақтида қайтарилмаган ҳолатларда эса фуқароларни уйидан чиқариш ва мулкни олиб қўйиш ҳолатлари кузатилгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, гаровга қўйилган мулк қиймати берилган қарздан 3–4 баробар юқори бўлгани қайд этилган.
Маълумотларга кўра, мазкур иш доирасида 1989-йилда туғилган Сардор Роминов, 1990-йилда туғилган Бахтиёр Йўлдашев ва 1993-йилда туғилган Тимур Хусанов 2024-йил 11-сентябр куни қўлга олинган. Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинчалик судга оширилган. Тергов маълумотларига кўра, 43 нафар фуқаро ушбу ҳолатдан жабрланган.
13-апрел куни Жиноят ишлари бўйича Шайҳонтоҳур тумани судида судя Сирожиддин Хасанов раислигида мазкур иш бўйича суд жараёни бошланди. Ушбу иш доирасида жами 9 нафар шахс фирибгарлик, товламачилик, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти ва лицензиясиз фаолият юритиш билан боғлиқ моддалар бўйича айбланмоқда.
Айбланувчилар қаторида Тимур Хусанов, Сардор Роминов, Бахтиёр Йўлдашев билан бирга Гулжан Мусаева, Олег Ни, Иззатулла Суннатуллаев, Лазизходжа Нарходжаев, Юрий Ан ва Акмалжон Расулов ҳам бор.
Тергов версиясига кўра, гумонланувчилар фуқаролар билан шартнома тузганидан сўнг, келишилган маблағнинг тўлиқ қисмини бермаган ҳолатлар ҳам кузатилган. Хусусан, айрим ҳолатларда 100 минг доллар қарз расмийлаштирилган бўлса-да, амалда 65–70 минг доллар берилгани, қолган қисми эса турли хизмат ҳақлари сифатида ушлаб қолингани айтилмоқда.
Мазкур иш бўйича жабрланган фуқаролар Эффеcт.уз таҳририятига мурожаат қилиб, суд жараёнини ёритишда амалий ёрдам сўраган.
Шунингдек, жабрланувчиларнинг таъкидлашича, улар ўзларини интерпол ходими сифатида кўрсатиб, сохта гувоҳномалар кўрсатган ҳолда, одамларни яшаётган хонадонидан қўрқитиб, ҳайдаб чиқарган.
Айни пайтда айбланувчилар ёки уларнинг ҳимоя томонининг расмий позицияси ҳозирча маълум қилинмаган. Эффеcт.уз тез орада мазкур иш бўйича журналистик суриштирувни эълон қилади.



