Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида зарядлаш стансиялари тармоқдан узилаётгани ва бекатларда жойлашган тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Бизнес-омбудсман муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, амалдаги қонунчиликка кўра тадбиркорлик субектларининг фаолиятини тўхтатиш ёки уларнинг мулкидан фойдаланишни чеклаш фақат қонунчиликда белгиланган тартибда, айрим ҳолларда эса суд қарори асосида амалга оширилиши мумкин.
Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, ҳар қандай инвентаризация ёки тартибга солиш чоралари тадбиркорларни олдиндан хабардор қилган ҳолда ва уларнинг ҳуқуқларига зарар етказмаган тарзда ўтказилиши лозим.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Ҳурматли, тадбиркорлар, агар Сизнинг ҳам фаолиятингизда шу каби ҳолатлар кузатилаётган бўлса, Бизнес-омбудсманнинг 1100 қисқа рақами ёки @бизнесомбудсман_бот орқали мурожаат қилишингиз мумкин.




