Жамият

Тошкентда онлайн қиморга хизмат кўрсатган жиноий гуруҳ фош этилди

Administrator28-сентябр, 2026, 23:0538 кўришлар

ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда онлайн қимор ўйинларига хизмат кўрсатиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Тадбир Яшнобод туманидаги “Чўлпон” МФЙ ҳудудида жойлашган бизнес марказлардан бирида ўтказилган. Аниқланишича, гуруҳ компютер технологиялари соҳасида консултация хизматлари кўрсатиш ниқоби остида фаолият юритган.

Тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари Ўзбекистон, Саудия Арабистони, БАА, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва бошқа давлатларнинг 60 мингга яқин фуқаросини бир нечта онлайн қимор платформаларига жалб қилиш ва уларнинг қимор ўйинларида иштирок этиши учун шароит яратиб бергани аниқланган.

Гуруҳ фаолияти қатъий иерархия асосида ташкил этилган. Бино ичида операторлар, супервайзерлар, кассачилар, ҳисоботчи-аналитиклар ва менеджерлардан иборат бўлимлар ташкил қилинган.

Тадбир давомида бинодан серверлар, компютерлар, ноутбуклар, мобил телефонлар, банк карталари, СИМ-карталар, пул маблағлари ҳамда ишга алоқадор бошқа ашёвий далиллар расмийлаштирилиб олинган.

Мутахассислар томонидан компютерлар ўрганилганда, ушбу тузилма орқали сўнгги 6 ой давомида 4 миллион АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари айланмаси амалга оширилганига оид маълумотлар аниқланган.

Ҳолат юзасидан Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган.

Айни вақтда иш доирасида 16 нафар шахсга нисбатан тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улардан 11 нафари ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган.

Шунингдек, жиноятга бевосита алоқадор бўлган ва масофадан туриб хизмат кўрсатган шахслар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкентда онлайн қиморга хизмат кўрсатган жиноий гуруҳ фош этилди | Effect.uz