Жамият

Тошкентда 17 ёшли курерни ҳақорат қилган ресторан ходими 5 суткага қамалди

Administrator20-октябр, 2026, 12:0266 кўришлар
Тошкентда 17 ёшли курерни ҳақорат қилган ресторан ходими 5 суткага қамалди

Суд ходимнинг ҳаракатларини майда безорилик деб баҳолаган. Ундан махсус қабулхонада сақлаш харажатлари учун 330 минг сўм ҳам ундирилади.

Тошкентдаги Брассерие ресторани ходими скутерда ҳаракатланаётган 17 ёшли курерни ҳақорат қилгани учун беш суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2026-йил 18-октябрдаги қарорида қайд этилган.

Суд материалларига кўра, воқеа 17-октябр куни соат тахминан 15:30 да Ислом Каримов кўчасида жойлашган ресторан олдида содир бўлган. "ОНЕ МОРЕ" МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи С.Р. ресторан олдидан скутерда ўтиб кетаётган курерга бу ҳудудда ҳаракатланмаслиги кераклигини айтган. Ўртадаги келишмовчилик ортидан у курерни уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Унда ресторан ходими курернинг скутерда мижозлар ўтирган ҳудуддан ўтишига эътироз билдириб, уни ҳақорат қилгани акс этган.

Суд мажлисида С.Р. айбига қисман иқрор бўлиб, курернинг ҳаракатига эътироз билдирмоқчи бўлгани, аммо жаҳл устида сўкинганини айтган ва қилмишидан пушаймонлигини билдирган.

Суд унинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, яъни майда безорилик деб баҳолаб, беш сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва ҳақорат қилиш билан боғлиқ айбловлар тегишли далиллар билан тасдиқланмагани сабабли ишнинг ушбу қисмлари тугатилган.

Шунингдек, С.Р.дан махсус қабулхонада сақлаш харажатлари учун 330 минг сўм ундирилиши белгиланган. Ҳодисадан кейин "Мовий гумбазлар" хиёбонида жойлашган Брассерие ресторанининг ёзги майдончасида ҳам қонунбузилишлар аниқланиб, ҳудуд қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолатга келтирилган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкентда 17 ёшли курерни ҳақорат қилган ресторан ходими 5 суткага қамалди | Effect.uz