⚠️ DIQQAT: Sayt test rejimida ishlamoqda!⚠️ DIQQAT: Sayt test rejimida ishlamoqda!
Жамият

Сурхондарё судларида йўқолган мантиқ…

Administrator15-aprel, 2026, 17:59133 кўришлар

Пул тўланди, экспертиза тайинланди, лекин ўтказилмади — ва фуқаро суддан норози.

Экспертиза тайинланиб, унинг харажатлари тўланган бўлса-да, амалда ўтказилмагани ва шу асосда даъвонинг рад этилиши суд амалиётида жиддий саволлар борлигини кўрсатмоқда.

Эффеcт.узʻга келиб тушган мурожаатга кўра, Сурхондарё вилояти Бандихон туманида яшовчи фуқаро Улуғбек Мўминов 2025-йил 20-январ куни фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига “оталикка эътироз билдириш” талаби билан даъво аризаси киритган.

2025-йил 24-феврал куни суд ажрими билан иш бўйича ДНК экспертизаси тайинланган. Мурожаатчининг билдиришича, у 2025-йил 4-апрел куни экспертиза харажатлари учун 3 037 500 сўм маблағни тўлаган ва буни тасдиқловчи ҳужжатларни тегишли идораларга тақдим этган.

Шундан сўнг суд томонидан экспертиза муддати 12-апрелга қадар узайтирилган. Бироқ, даъвогар таъкидлашича, жавобгар томон болани экспертизага олиб келишдан бир неча бор бош тортган.

Шу ҳолатларга қарамасдан, 2025-йил 14-апрел куни экспертиза муассасаси томонидан “тўлов амалга оширилмаган” деган асос билан экспертиза ўтказилмасдан иш қайтарилган. Ваҳоланки, тўлов қилинганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд экани айтилмоқда.

Орадан икки ҳафта ўтиб, 2025-йил 28-апрел куни суд иш бўйича ҳал қилув қарор қабул қилиб, даъвони рад этган.

Мурожаатда айтилишича, қарор қабул қилиш жараёнида жавобгар номидан сўнгги кунда тақдим этилган илтимоснома инобатга олинган. Даъвогар эса ушбу ҳужжатдаги имзо сохталаштирилган бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.

Иш материалларига кўра:

  • жавобгар экспертизада иштирок этмаган;

  • экспертиза ажрими устидан шикоят берилмаган;

  • даъвогар харажатларни ўз вақтида тўлаган;

  • аммо экспертиза ўтказилмаган.

Бу ҳолатлар иш жараёнидаги муҳим босқичлар қандай баҳолангани масаласини очиқ қолдирмоқда. Шу билан бирга, мурожаатда яна бир масала — алимент ундириш жараёнидаги зиддиятлар ҳам кўтарилган. Даъвогарнинг билдиришича, суд қарорларига қарамасдан, Мажбурий ижро бюроси томонидан алимент ҳисоб-китоби бошқача тартибда амалга оширилмоқда.

Унинг таъкидлашича, амалда судда белгиланган 3/10 қисми ўрнига бошқа ҳисоблаш усули қўлланилган ва натижада асоссиз қарздорлик юзага келган. Мурожаатда келтирилишича, у алимент тўловларини мунтазам амалга ошириб келган ва ҳатто ортиқча тўлов ҳам шаклланган.

Ушбу ҳолатлар нафақат бир иш доирасида, балки:

  • экспертиза тайинлаш ва ўтказиш тартиби,

  • далилларни баҳолаш амалиёти,

  • суд қарорлари ва ижро жараёни ўртасидаги мувофиқлик каби масалаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Эффеcт.уз таҳририяти мазкур ҳолат юзасидан масъул идоралардан расмий муносабат кутади.

Журналист: Хилола Илашова

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар