Жамият

Суд ҳукми бор, ечим йўқ – Хоразмда икки суд ҳукми билан сохта деб топилган кадастр ҳужжатлари бўйича баҳс давом этмоқда

Administrator16-июн, 2026, 15:45137 кўришлар
Суд ҳукми бор, ечим йўқ – Хоразмда икки суд ҳукми билан сохта деб топилган кадастр ҳужжатлари бўйича баҳс давом этмоқда

Эффеcт.уз таҳририятига келиб тушган мурожаат асосида Хоразм вилоятидаги кўчмас мулк билан боғлиқ низо ўрганилди. Мурожаатчи томоннинг маълум қилишича, Хива шаҳрида яшовчи Дилдора Бекчанова бир неча йил аввал нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси орқали турар жой сотиб олган.

Адвокатларнинг айтишича, кейинчалик мазкур обект билан боғлиқ бошқа кадастр ҳужжатлари сохталаштирилгани аниқланган. Бу ҳолат бўйича икки нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва суд ҳукмларида ҳужжатлар сохталаштирилгани қайд этилган.

Мурожаатчи томон вакиллари таъкидлашича, сохта деб топилган ҳужжатлар асосида кўп қаватли бино давлат рўйхатидан ўтказилган, гаров сифатида расмийлаштирилган ҳамда ушбу мулк эвазига 4,3 миллиард сўмлик кредит ажратилган. Шунингдек, уларнинг фикрича, мазкур ҳолат бошқа фуқароларнинг ҳам мулкий ҳуқуқларига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан мурожаатчилар Хоразм вилояти прокурори қабулларида бўлиб, суд ҳукмлари билан сохта деб топилган кадастр ҳужжатларини давлат реестридан чиқариш, улар асосида қабул қилинган қарорларни қайта кўриб чиқиш ва кредит ажратиш жараёнларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.

Кадастр органи вакили эса мазкур масала махсус комиссия томонидан кўриб чиқилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, мулк ҳуқуқини асословчи ҳужжатлар ва олди-сотди шартномалари амалда бекор қилинмагани учун обектни давлат реестридан чиқаришга ҳуқуқий асос мавжуд эмас.

Ўзсаноатқурилишбанк вакили ҳам кредит ажратиш жараёнида банкка тақдим этилган ҳужжатлар қонуний бўлганини таъкидлади. Унинг айтишича, мазкур ҳолат бўйича прокуратура ва бошқа ваколатли органлар томонидан текширув ўтказилган ҳамда кредит ажратилишида қонунбузарлик аниқланмаган.

Банк вакили, шунингдек, агар кейинчалик гаров обекти бўйича ҳуқуқий ҳолат ўзгарса, банк ўз манфаатларини қонуний тартибда ҳимоя қилиши ва етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш чораларини кўришини маълум қилди.

Айни пайтда низога оид айрим масалалар суд инстансияларида кўриб чиқилмоқда. Мурожаатчилар эса икки суд ҳукми билан сохта деб топилган ҳужжатларнинг давлат реестрида сақланиб қолаётгани юзасидан тегишли идоралардан аниқ ҳуқуқий ечим кутаётганини билдирмоқда.

Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Суд ҳукми бор, ечим йўқ – Хоразмда икки суд ҳукми билан сохта деб топилган кадастр ҳужжатлари бўйича баҳс давом этмоқда | Effect.uz