Сиёсат

Шикоятга жавоб ўрнига «маълумотнома»: Конституциявий суддан келган бир хат ҳақида...

Akmal Eshonxonov11 кўришлар
Шикоятга жавоб ўрнига «маълумотнома»: Конституциявий суддан келган бир хат ҳақида...

28-октябр куни Конституциявий судга шикоят бердим. Педагог ходимларнинг аттестация натижаси билан ишдан бўшатилишига асос бўлган нормаларнинг Конституцияга мувофиқлигини текширишни сўрадим.

Масала аниқ эди: давлат рўйхатидан ўтмаган ва расман эълон қилинмаган идоравий ҳужжат асосида одамни ишдан бўшатиш мумкинми? Бундай ҳужжатни судда эътироз қилиш имкони умуман бўлмаса, бу Конституциянинг 55-моддасидаги суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқига тўғри келадими?

2-ноябрда жавоб келди. Аниқроғи, жавобга ўхшаган бир хат келди: судя Р. Исмайловнинг 02-01/2073-сонли хати.

Хатда нима бор? Конституциявий қонуннинг 4, 42 ва 43-моддалари умумий тарзда қайта ёзиб чиқилган. Охирида фуқаролар «юқоридаги талабларга асосан мурожаат қилишлари мумкин» дейилган.

Хатда нима йўқ? Шикоят қабул қилиндими ёки рад этилдими, бу айтилмаган. Агар рад этилган бўлса, қайси асос билан рад этилгани, қайси талаб бажарилмагани ҳам кўрсатилмаган. Шикоятдаги важлар ва иловаларга бирор сўз билан ҳам баҳо берилмаган.

Ваҳоланки, 15-октябрдан кучга кирган янги Конституциявий қонун бу ишнинг тартибини аниқ белгилаб қўйган:

шикоят мажбурий дастлабки ўрганишдан ўтади, унинг натижасида хулоса тайёрланади ва суд мажлисида кўрилади (49-модда);

рад этиш фақат қонунда санаб ўтилган еттита асосдан бири бўйича бўлиши мумкин (50-модда);

қабул қилиш ёки рад этиш ҳақидаги ажрим бир ой ичида чиқарилади, рад этиш ажримининг нусхаси беш кун ичида мурожаатчига юборилади (50, 51-моддалар);

бу масалани битта судя эмас, суд коллегиал тарзда ҳал қилади (21, 24-моддалар).

Менга келган хат бу талабларнинг бирортасига жавоб бермайди. У ажрим ҳам, қарор ҳам, хулоса ҳам эмас, яъни қонун бўйича Конституциявий суд ҳужжати ҳисобланмайди. Ҳатто муддат ҳам нотўғри кўрсатилган: хатда бир йиллик муддат «ишни судда кўриб чиқиш тугаган кундан» ҳисобланади дейилган, 102-моддага кўра эса бу муддат охирги суд ҳужжати қабул қилинган кундан бошланади.

Натижада шикоятим ҳеч қаерда эмас. У қабул ҳам қилинмаган, асосли ажрим билан рад ҳам этилмаган. Устидан шикоят қиладиган ҳужжат ҳам йўқ, чунки расмий ҳужжатнинг ўзи йўқ.

Бу фақат менинг ишим ҳақида эмас. Конституциявий суд фуқаронинг охирги умиди. Янги қонун айнан мурожаатларни очиқ, асосли ва муддатида кўриш учун қабул қилинган. Агар шикоятларга ажрим ўрнига умумий маълумот берувчи хатлар билан жавоб берилса, қонун янги бўлса ҳам, амалиёт эскилигича қолади.

Суддан бор-йўғи қонунда ёзилганини сўраяпман: шикоятимни белгиланган тартибда кўриб чиқиб, асосли ажрим чиқаришни.

Адвокат: Шавкат Мавлянов

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Шикоятга жавоб ўрнига «маълумотнома»: Конституциявий суддан келган бир хат ҳақида... | Effect.uz