Маълум бўлишича, ҳудуддаги аҳоли пунктлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 сентябрдаги тегишли қарори асосида реновация дастурига киритилган. Лойиҳага кўра, шаҳардаги 1963 йилда қурилган, маънан ва жисмонан эскирган 33 та уй ўрнига 2500 дан ортиқ хонадонни ўз ичига олган замонавий 5 ва 10 қаватли турар жой бинолари қурилиши режалаштирилган.

Бироқ эски уйларнинг бузилиши ва компенсация тўланиши жараёнида қурувчи ва мулк эгалари ўртасида жиддий келишмовчиликлар юзага келган. Низонинг асосий сабабларидан бири — айрим фуқаролар томонидан керагидан ортиқча талаблар қўйилгани бўлди. Масалан, амалда 67 квадрат метр жой берилиши керак бўлган ҳолатда, «яна устига 67 квадрат метр қўшиб берасан» ёки «икки баравар кўп жой берасан» қабилидаги талаблар ўртадаги баҳсни кучайтирган.

Ваҳоланки, «Кеш Неw Ҳоусе» компанияси дастлаб мулкка тенг мулк бериш, бошқа жойлардан уй ажратиш бўйича кўплаб таклифлар берган. Ҳаттоки: «Сизга 67 кв.м эмас, балки 80 ёки 90 квадрат метр жой бераман, аммо ундан ортиғини қўшиб беролмайман» деган таклифлар билан ҳам чиққан. Аммо музокаралар боши берк кўчага киргач, 250 та хонадондан 246 таси билан қурувчи ташкилот ўзаро тил топишиб, уларга ортиқча квадрат метрлар, бошқа ҳудудлардан уйлар ёки ҳозирги кундаги бозор нархида ҳисоблаб, нақд пул ва карта орқали компенсацияларни тўлаб берган. Қолган бир нечта хонадон эгалари билан эса масала мажбурий тартибда ҳисоб-китоб қилиш учун суд даражасигача етиб борган.

Вазиятни жойида ўрганиш учун етиб борган журналистлар бир кун давомида кенг қамровли журналистик суриштирув ўтказди. Ушбу жараёнда вилоят прокуратураси ва вилоят ҳокимлиги масъуллари, вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари — Қурилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят қурилиш инспексияси раҳбари, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспексияси (ГАСН) раҳбарияти, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари ҳамда низоли томон ҳисобланган «Кеш Неw Ҳоусе» қурилиш компанияси вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилинди.

Ушбу жиддий ўрганишдан сўнг, эртаси куниёқ Тошкентдан қайта чақиртирилган ижодий жамоа ва аҳоли вакиллари иштирокида мурожаатлар тўлиқ кўриб чиқилди. Суд қарори мавжуд бўлишига ва унда анча арзимаган маблағ ҳисобланган бўлишига қарамасдан, вилоят раҳбарияти ва прокуратурасининг қатъий аралашуви ҳамда қурувчи ташкилотнинг бағрикенглиги билан аҳоли фойдасига узил-кесил қарор қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори талабларига мувофиқ, суд қарори чиққан бўлса-да, фуқароларнинг манфаатлари тўлиқ ҳимоя қилинди. Хусусан, иккала фуқарога ўз квадрат метридан ташқари, яна 10 квадрат метрдан қўшимча майдони бўлган янги уйлар ажратилди. Яна бир фуқарога ҳам қўшимча квадратли уй ва молиявий маблағ тақдим этилди. Энг муҳими, янги уйлар битгунга қадар аҳолининг яшаб туриши учун «Кеш Неw Ҳоусе» компанияси томонидан фуқароларга 20 миллион сўмдан 40 миллион сўмгача бўлган миқдорда нақд ижара пуллари тўлаб берилди.

Муаммоси ижобий ҳал бўлган шаҳрисабзликлар бундай тез ва кутилмаган натижадан ҳайратда эканликларини яширишмади. Улар ўзлари туғилиб ўсган эски уйларидан ажралиш аввалига қийин бўлганини, бироқ ҳозирги янги уйлар барча коммуникацияларга эга ва жуда шинам эканини таъкидлашди.

Қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинган аҳоли вакиллари муаммога адолатли ёндашган Эффеcт.уз ижодий жамоасига ҳамда вилоят раҳбариятига ўз миннатдорликларини билдирди.


Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, бугунги кунда аксарият қурилиш компаниялари томонидан аҳолини алдаш, маблағларни ўзлаштириш ёки фирибгарлик йўли билан кўчада қолдириш ҳолатлари тез-тез қулоққа чалинаётган бир пайтда, «Кеш Неw Ҳоусе» компаниясининг бундай одилона ва бағрикенглик билан ташлаган қадами таҳсинга сазовордир. Суд қарори мавжуд бўлса-да, фуқаролар манфаатини биринчи ўринга қўйиб, уларни тўлиқ рози қилган ҳолда муаммога нуқта қўйилиши — маҳаллий қурувчилар учун ҳақиқий шаффофлик ва масъулият намунаси бўла олади.
Муҳаммад Али Қозоқов, Эффеcт.уз




