Ички ишлар вазирлигида “Қонун устуворлиги ва жамоат хавфсизлиги: ички ишлар органларининг 9 ойлик фаолият якунлари ва устувор вазифалар” мавзусида кенгайтирилган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва унинг тармоқ хизматлари масъуллари, шунингдек, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этиб, ўтган давр мобайнида эришилган натижалар, профилактик тадбирлар, кибержиноятчиликка қарши кураш ҳамда тизимдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Анжуман давомида журналист ва блогерлар томонидан кўплаб долзарб масалалар ўртага ташланиб, очиқ ва қизғин савол-жавоблар ўтказилди. Матбуот анжуманида сўз олган ички ишлар вазири ўринбосари, Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашроповнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 24 828 та олдини олиш мумкин бўлган жиноят содир этилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 021 тага камайишига эришилди. Шунингдек, жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудларда олиб борилган тизимли ишлар сабабли мамлакатимиздаги 4 380 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш борасида ўтказилган “Қорадори-2026” тадбирининг иккинчи босқичида 1 385 та ноқонуний ўсимлик етиштириш ҳолати аниқланди. Айниқса, махсус дронлар ва вертолётлар орқали ўтказилган назоратли учишлар ёрдамида 16 180 квадрат метр майдондаги кўкнори ва каннабис гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланиб, батамом йўқ қилинди. Ашропов келтирган маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 6 ойида ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида 69 962 та жиноят содир этилган. Уларнинг асосий қисми фуқароларнинг пул маблағларини электрон тўлов тизимлари орқали ноқонуний эгаллаш билан боғлиқ.

Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Сагдуллаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда фуқароларнинг 50 фоизи сохта "АПК" файлларини очиш орқали киберҳужум қурбонига айланмоқда. Бунга аҳолининг кибермаданияти ва ҳуқуқий саводхонлигининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан ИИВ барча журналист ва блогерларни кибермаданиятни тарғиб қилишда фаол ҳамкорликка чақирди.

2026 йилнинг 9 ойида вазирлик тизимига 321 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 87 фоизи қаноатлантирилган. Ҳудудий органлар орқали кўрилган 289 мингдан зиёд мурожаатларнинг 81 фоизи ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида "Иккинчи имкон" лойиҳаси доирасида 350 нафар маҳкум касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитилмоқда, тарбия колониясининг 17 нафар тарбияланувчиси эса масофавий таълим асосида Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

ИИВ Академияси ахборот хизмати бошлиғи Дилмурод Жўраев маълум қилишича, 2027-2028-ўқув йилидан бошлаб Академияда тўлов-контракт асосида "Умумфуқаровий таълим" йўналиши очилади. Тадбирлар якунида ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ва кадрлар департаменти масъули Сахипжамол Джолдасова ОАВ вакиллари ҳамда блогерларни ички ишлар органлари фаолиятини ёритишда холислик ва икки томонлама ёндашув тамойилларига қатъий риоя қилишга чақирди.


Матбуот анжуманида Эффеcт.уз сайти журналисти сўз олиб, аввалги учрашувларда кўтарилган мурожаатлар қарийб 10 кун ичида ижобий ҳал этилгани учун ўз миннатдорлигини билдирди. Шу билан бирга Навоий вилояти Қонимех тумани "Қаракарта" маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори ҳеч қандай суд қарори ва тегишли ижро ҳужжатларсиз Бухоро вилояти Ғиждувон туманига бориб, бир нечта ходимлар ҳамроҳлигида тунда ижро ҳаракатларини амалга оширганини айтди. Инсон мулки билан боғлиқ мазкур масала 9 ойдан буён жиддий чўзилиб келаётгани, ҳуқуқий асоссиз содир этилган бу ҳолатга алоҳида эътибор қаратишни сўради.

Вазирлик масъуллари мазкур муаммо бўйича аввал фуқаролик тартибида ҳокимлик билан биргаликда ишланганини қайд этиб, ушбу масала шу куннинг ўзидаёқ қайта ўрганилиши, қисқа фурсатда аниқлик киритилиши ва тегишли жараён бўйича батафсил маълумот берилишини таъкидлади.
Қайд этиш жоизки, тақдим этилган рақамлар тизимдаги ўзгаришлардан далолат берса-да, кибержиноятлар кўлами, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ахборот хавфсизлиги ҳамон жиддий ёндашувни талаб этмоқда. ОАВ ва жамоатчиликнинг очиқ муҳокамалари эса идора фаолиятидаги шаффофликни таъминлашда асосий восита бўлиб қолаверади.
Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.



