Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026-йил 26-феврал куни Сурхондарё вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекгидроенерго” АЖ томонидан ҳудудларнинг гидроенергетика салоҳиятини ўрганишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, Жамият Бошқаруви раиси Ислом Абдурахмонов бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи вертолёт ёрдамида Сариосиё туманининг тоғли ҳудудида жойлашган, денгиз сатҳидан қарийб 3000 метр баландликда жойлашган Юқори Тўполанг зонасининг гидроенергетик салоҳиятини ўрганиш ишларини олиб борди.
Асосий мақсад – ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш, электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда аҳоли манфаатлари йўлида максимал саъй-ҳаракатларни йўналтирган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаи ҳажмини кўпайтиришдир.
3 кунлик амалий ташриф давомида ҳудуднинг табиий-релеф шароити, сув оқимлари, гидрологик хусусиятлари ҳамда мавжуд инфратузилма имкониятлари атрофлича ўрганилди. Мутахассислар томонидан мазкур ҳудуднинг гидроенергетика салоҳияти, янги гидроелектр стансияларини барпо этиш имкониятлари ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар комплекс таҳлил қилинди.
Дастлабки таҳлиллар Юқори Тўполанг зонасида бир қатор истиқболли гидроенергетик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Ушбу лойиҳаларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш орқали мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшимча туртки бериш назарда тутилган.
Юқори Тўполанг дарёсининг гидросалоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида умумий қуввати 80 МВт бўлган 3 та гидроелектр стансиядан иборат Киштут ГЕСлар каскади лойиҳаси – навбатдаги “миллий лойиҳа” доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида энергетика инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, умумий узунлиги 17,791 километрга тенг Зарчоб подстансиясидан Киштут ГЕС створигача 110/220 кВ кучланишли икки занжирли ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Юқори Тўполанг дарёсидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида мутахассислар томонидан топографик ишлари олиб борилмоқда.
Мизот дарёсининг сув ҳажми кўпайишини ҳисобга олган ҳолда истиқболли лойиҳаларга олиб борувчи йўл қурилишини жадаллаштириш, бурғулаш-портлатиш ишларини хавфсиз ва сифатли ташкил этиш борасида масъулларга зарурий топшириқлар берилди.




