Урганчда “Яшил боғ” учун ажратилган ерда иссиқхона: ҳоким “зарар бўлмайди” дея фуқароларга тасалли бермоқда, мавжуд ҳужжатлар эса саволларни кўпайтирмоқда.
ЭФФЕCТ.УЗъга мурожаат қилган Урганч шаҳри аҳолиси “Яшил макон” лойиҳаси доирасида яшил боғ барпо этиш учун ажратилган ер майдонида иссиқхона қурилгани юзасидан эътироз билдирмоқда. Фуқароларнинг таъкидлашича, мазкур ернинг мақсади ҳужжатларда ободонлаштириш ва яшил ҳудуд барпо этиш сифатида белгиланган бўлса-да, амалда бу ерда иссиқхона фаолияти йўлга қўйилган.

Вилоят ҳокимлиги қарорларидан бирида Урганч шаҳрида Шовот канали бўйлаб “Яшил боғ” ташкил этиш учун умумий 20 гектардан ортиқ ер майдони ажратилгани кўрсатилган. Ҳужжатда ерлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштирилиши, кўчатлар экилиши ва тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши белгиланган.

Мазкур масаланинг айрим қисмига тааллуқли кадастр ҳужжатида ҳам ер майдони “Яшил боғ барпо этиш учун ажратилган ер майдони” сифатида кўрсатилган. Ердан фойдаланиш тури эса “Ҳудудни ободонлаштириш” деб белгиланган.

Бироқ фуқароларнинг айтишича, ушбу ҳудудда ёпиқ турдаги иссиқхона қурилиб, ишга туширилган. Санитария-епидемиология соҳасидаги ҳужжатда иссиқхона Шовот каналидан 9 метр, турар жой биноларидан эса 25–30 метр масофада жойлашгани қайд этилган.
Ҳужжатда иссиқхоналар учун аҳоли яшаш ҳудудларига нисбатан 100 метрлик санитария-муҳофаза масофаси талаби келтирилиб, мазкур жойлашув санитария талабларига мувофиқ эмаслиги кўрсатилган. Шунингдек, ёқилғи ёқилиши, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ эҳтимолий хавфлар ҳам қайд этилган.

Масала Урганч шаҳар ҳокими Бунёд Ражабов билан фуқаролар ўртасидаги суҳбат (Эффеcт.узъда мавжуд аудио) да ҳам муҳокама қилинган. Суҳбатда ҳоким лойиҳа туфайли зарар бўлмаслигини айтган:

«Ҳеч қандай зарар бўлмайди», — деган Урганч шаҳар ҳокими Бунёд Ражабов.
Бироқ фуқаролар санитария талаблари ва сув таъминоти билан боғлиқ масалаларни кўтариб, эътироз билдирган:
«Водоканалнинг СЕСи айтиб қўйибди: ... юз метр», — дея фуқаролар санитария масофаси масаласига ишора қилган.
Фуқароларнинг таъкидлашича, уларда мазкур ернинг “Яшил макон” учун ажратилганини тасдиқловчи кадастр ҳужжатлари ҳамда аввал берилган расмий жавоблар мавжуд. Суҳбат давомида улар ана шу муносабатни ҳам келтирган:
«Ҳақиқатда “Яшил макон” бу ер, бу ерда қуриш мумкин эмас», — дея фуқаролар аввалги расмий жавоб мазмунини келтирган.
Фуқароларни яна бир масала — қурилишга сарфланган маблағлар ва обектнинг кейинги тақдири қизиқтирмоқда:
«Ҳозир шунча пул сарфланган... Ким растрата қилиб турибди? Ҳозир буни қурасизлар... Эртага сотиб юборишса, бизлар — фуқаролар бердик. Яхши, сиз давлат одамисиз, тўғрими? Ҳокимсиз. Сиз президентнинг қарорига, ҳокимнинг қарорига қаршимисиз? Президентнинг сиёсатига қаршимисиз?», — дея улар савол қўйган.
Шу ўринда бир қатор саволлар юзага келмоқда: “Яшил боғ” ва ҳудудни ободонлаштириш учун ажратилган ерда иссиқхона қурилишига қандай асос бўлган? Санитария ҳужжатида кўрсатилган масофалар қандай баҳоланган? Қурилиш ва фойдаланиш учун тегишли рухсатлар олинганми? Шунингдек, обектга сарфланган маблағларнинг манбаси ва ернинг кейинги тақдири кимнинг назоратида?
ЭФФЕCТ.УЗ ушбу ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотларнинг расмий муносабатини ҳам ўрганмоқда. Масала бўйича масъул идоралардан тушунтиришлар олингач, уларни ҳам жамоатчиликка тақдим этамиз.




