Мирзо Улуғбек туманида қурилиши якунланмай қолган «ОЛИМП» лойиҳаси атрофидаги вазият жиддий эътирозларга сабаб бўлди. 30-сентябр куни фуқаролар билан учрашув ўтказилган бўлса, 3-октябр куни туман ҳокими Баҳодир Ғойибназаров обектнинг ўзига бориб, аҳолининг мурожаат ва талабларини шахсан эшитди.
Бироқ мазкур обект билан боғлиқ муаммонинг илдизи фақат қурилиш ишларининг кечикиши билан чекланмайди. Обект тарихи, ер майдонининг шаклланиши, қурилиш ҳужжатлари ҳамда «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан олиб борилган жиноят иши ҳам ушбу масаланинг муҳим қисмидир.
Фуқароларни нима ташвишга солмоқда?
30-сентябр куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги биносида «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ томонидан қурилиши якунланмаган «ОЛИМП» қурилиш лойиҳасидан норози бўлган фуқаролар билан учрашув ўтказилган эди. Учрашувда фуқаролар обектнинг ҳозирги ҳолати, қурилиш ишларининг тақдири ва ўзларини қизиқтираётган бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилган.

Орадан кўп ўтмай, 3-октябр куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокими обектнинг ўзига ташриф буюрди. Бу сафар масала ҳокимлик биносида эмас, балки қурилиши якунланмаган обектнинг ўзида муҳокама қилинди.
Ҳоким фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаат ва талабларини бевосита тинглади. Обектдаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш, обектни имкони борича тезроқ якунлаш ҳамда мавжуд муаммоларга ечим топиш масалалари муҳокама қилинди. Масъулларга обектдаги вазиятни ўрганиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Бироқ «ОЛИМП»даги муаммо қачон бошланган? Обект кимга тегишли? Унинг ер майдони қандай шаклланган? Қурилиш учун қандай ҳужжатлар расмийлаштирилган? Нега бугунга қадар қурилиш якунланмаган?
Бу саволларга жавоб топиш учун обект тарихига назар ташлашга тўғри келади.
Обектнинг тарихи: 2 290 квадрат метр ер майдони
ЭФФЕCТ.УЗ ихтиёрига тақдим этилган маълумотномада «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ томонидан қурилаётган пастки қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган кўп қаватли турар жой обекти борлиги қайд этилади.
Ҳужжатда обект жойлашган ер майдони Мирзо Улуғбек туман ҳокимининг 2000-йил 23-июндаги 876/1-сонли қарори асосида, Олтинтепа кўчаси, 186А-уй манзилида шакллантирилган. Унинг умумий майдони 2 290 квадрат метрни ташкил этган. Кейинги босқичда ер майдонининг ҳуқуқий тарихи ўзгарган.

Маълумотномага кўра, 2016-йил 23-февралдаги 510-сонли мерос гувоҳномаси асосида ер майдонининг ярим қисми Кривожихин Алексей Валеревичга, иккинчи ярим қисми эса Кривожихин Николай Валеревичга мерос бўлиб ўтган.
2020-йил 29-сентябрда эса ушбу шахслар билан «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси асосида ер майдонининг 1 787 квадрат метрлик қисми жамиятга сотилгани кўрсатилган. Демак, бугун фуқароларни қизиқтираётган «ОЛИМП» обектининг ер ва мулкий тарихи бир неча босқичдан иборат.
Қурилиш ҳужжатлари қачон расмийлаштирилган?
2021-йил 3-июл куни Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи томонидан №20806-сонли хулоса берилган. Ҳужжатда ушбу босқичда лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилгани қайд этилган.
Шундан кейин, 2023-йил 28-март куни №71953374-сонли ариза асосида обект ГАСН томонидан қайта давлат рўйхатидан ўтказилган. Яъни ҳужжатда обект бўйича ер-мулк муносабатларидан тортиб, қурилишга оид лойиҳа ҳужжатлари ва давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларигача бўлган бир қатор босқичлар акс этган. Бироқ ҳужжатларнинг мавжудлиги обектнинг амалда ўз вақтида якунланганини англатмайди.
Бугунги кунга келиб, «ОЛИМП» қурилиш лойиҳаси якунланмаган ва бу ҳолатдан норози фуқаролар ўз талабларини ҳокимият ва масъулларга етказмоқда.
Муаммонинг яна бир томони — жиноят иши
«ОЛИМП» обекти атрофидаги вазиятни янада мураккаблаштираётган жиҳат — қурилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тергов ва суд жараёнларидир.
Яъни, 2025-йил 2-декабр куни А.Қасимов ва бошқаларнинг аризаси асосида «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ директори ўринбосари Хуршид Абдураҳмонов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши 2026-йил 24-март куни тамомланиб, ишнинг бир қисми мазмунан кўриб чиқиш учун Мирзо Улуғбек туман судига юборилган.
Суд нима деди?
Ҳужжатда қайд этилишича, жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилган. Суд ҳукми билан «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ директори ўринбосари Х.Абдураҳмонов ва А.Рахматуллинага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов ҳукми чиқарилган.

Маълум бўлишича, Х.Абдураҳмонов 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. А.Рахматуллинага эса 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган.
Аммо иш шу билан тугамаган
Мазкур ишнинг яна бир муҳим жиҳати бор. «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ, «БУЙ-СЕЛЛ» МЧЖ мансабдор шахслари Х.Х.Абдурахмонов, А.А.Рахматуллина ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят ишидан алоҳида иш юритиш учун ажратилган. Ушбу қисм дастлабки терговни давом эттириш учун 6-июн куни Бош прокуратурига юборилган. Эффеcт.узъга маълум бўлишича Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаролар натижа кутмоқда
Бир томонда — қурилиши якунланмаган кўп қаватли турар жой обекти. Иккинчи томонда — ушбу обектдан норози бўлган ва ўзларининг қонуний талаблари ҳал этилишини кутаётган фуқаролар. Учинчи томонда эса — обект билан боғлиқ айрим ҳолатлар юзасидан суд ва тергов жараёнлари.

3-октябр куни туман ҳокимининг обектга шахсан бориб, фуқаролар билан учрашгани шу нуқтаи назардан муҳим. Чунки фуқаролар учун асосий савол — «ким бориб кўрди?» эмас, балки «муаммо қачон ҳал бўлади?»
Қурилиш ишлари қачон қайтадан жадаллашади?
Обект қачон тўлиқ якунланади?
Фуқароларнинг талаблари қай тарзда ҳал этилади?
Обект билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнлар қурилишнинг кейинги тақдирига қандай таъсир қилади, мазмунидаги саволларга жавоб муҳим.
Ҳокимнинг ташрифи — муаммонинг ечими ёки навбатдаги босқичми?
3-октябр куни обектда фуқаролар билан учрашув ўтказилиб, мавжуд ҳолат ўрганилгани ва масъулларга тегишли вазифалар юклатилган. Бу, албатта, муаммони жойида ўрганиш нуқтаи назаридан муҳим қадам. Аммо фуқаролар кутаётган нарса учрашувнинг ўзи эмас — аниқ натижа.

Шу боис энди эътибор обектда қурилиш ишлари ҳақиқатан ҳам жадаллашадими, этилади, деган саволларга қаратилади. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган тергов жараёнининг натижаси ҳам обектнинг кейинги тақдири учун муҳим аҳамият касб этади.
«ОЛИМП»нинг кейинги тақдири қандай бўлади?
Бугун «ОЛИМП» номи остидаги обект фақат қурилиш майдони эмас. У — ер муносабатлари, қурилиш ҳужжатлари, фуқароларнинг талаблари, суд жараёни ва давом этаётган тергов бир нуқтада туташган мураккаб масала.
Ҳужжатларда обектнинг 2000-йилдан бошланган тарихи, 2016-йилдаги мерос муносабатлари, 2020-йилда «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖга ер майдонининг бир қисми сотилгани, 2021-йилда лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилгани ва 2023-йилда обект қайта давлат рўйхатидан ўтказилгани кўрсатилганини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, обект билан боғлиқ жиноят ишининг бир қисми судда кўриб чиқилган, айрим шахсларга нисбатан ҳукм чиқарилган, ишнинг бошқа қисми эса терговни давом эттириш учун Бош прокуратурага юборилган. Энди эса фуқаролар қурилишнинг амалда якунланишини ва ўзларини қизиқтираётган масалаларга аниқ жавоб берилишини кутмоқда.
ЭФФЕCТ.УЗ «ОЛИМП» қурилиш лойиҳаси атрофидаги вазиятни кузатишда давом этади. Обектдаги қурилиш ишларининг бориши, фуқароларнинг мурожаатлари, масъуллар томонидан берилган топшириқларнинг ижроси ва ҳужжатда қайд этилган тергов жараёни бўйича янги маълумотлар олинса, уларни жамоатчиликка тақдим этамиз.
Муаллиф: Бекзод Раҳмонов



