Янги тизим 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида жорий этилади. Кейинги ўқув йилидан эса ўрта махсус, касбий ва олий таълим муассасаларини ҳам қамраб олади.
Ўзбекистонда барча таълим ташкилотларининг педагоглари ва ўқувчиларини бир ўқув йилида камида бир марта мақсадли психологик диагностикадан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Президент қарорига кўра, мазкур тартиб тарбиячилар, тарбияланувчилар ва талабалар учун ҳам амал қилади. Тизим икки босқичда жорий этилади. Биринчи босқичда, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари, иккинчи босқичда эса 2027/2028-ўқув йилидан ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотлари қамраб олинади.
Психологик диагностика Психология илмий-тадқиқот институти томонидан махсус электрон платформа орқали ташкил этилади. Бунда шахсга доир маълумотлар ҳамда диагностика натижасида олинган маълумотларнинг махфийлиги таъминланади.
Диагностика натижалари сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлил қилиниб, педагог ва ўқувчилар уч гуруҳга ажратилади: “психологик барқарор”, “психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож” ва “фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур”.
Психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож деб топилганларга таълим ташкилотининг психологи, фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур бўлганларга эса тегишли ҳудуд бўйича ментор психолог бириктирилади.
Қарор билан психологларни моддий рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган. Хусусан, каскадли малака ошириш курсларига ўқитувчи сифатида жалб этилган психологларга ушбу даврда асосий иш жойидаги лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.
Шунингдек, ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баробари миқдорида бир марталик моддий рағбатлантирилади.
Таълим ташкилотларининг психологик хизмат ходимлари беш йилда камида бир марта малака ошириши шарт бўлади. Бундан ташқари, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилиб, Таълим ва илм-фан вазирлиги бўйсунувига ўтказилади.
Институтда 2027-йил 1-январдан бошлаб Рақамли психология ва сунъий интеллект, Таълим психологияси ва психологик хизмат ҳамда Психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади.
Педагог ва ўқувчилар ҳар ўқув йилида камида бир марта психологик диагностикадан ўтказилади
Administrator15 соат олдин22 кўришлар

Улашиш:
Ўхшаш янгиликлар

Жамият
“ОЛИМП” иşи бöйиçа Боş прокуратура тергов олиб бормоқда — Мирзо Улуğбек тумани ҳокимлиги муаммоли қурилиş бöйиçа изоҳ берди
14 соат олдин47

Жамият
Зироат Мирзиёева оғир касалликка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал тармоққа раис бўлди
15 соат олдин36

Жамият
“Ўзбекнефтгаз” ва CНПC раҳбарлари учрасувида “М-25” конидаги авария оқибатлари муҳокама қилинди
19 соат олдин20

Жамият
Тошкентда 17 ёшли курерни ҳақорат қилган ресторан ходими 5 суткага қамалди
20-октябр, 2026, 12:0266