Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Рамазон ҳайитини муносиб нишонлашга қаратилган қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2026-йил 20-март — Рамазон ҳайитининг биринчи куни сифатида белгиланиб, мамлакат бўйлаб кенг нишонланади.
Қарорда таъкидланишича, Рамазон ойи давомида жойларда кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, кекса ва ногиронларга ғамхўрлик кўрсатиш, ифторликлар ва хайрия тадбирларини тартибли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ҳайитини миллий анъаналар ва Наврўз байрамига уйғун ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказиш вазифаси юклатилди.
Байрам кунларида аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий ҳамда хайрия тадбирлари ташкил этилади.
Шунингдек, Туризм қўмитаси ва Транспорт вазирлигига фуқаролар учун зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга саёҳатларни ташкил этиш бўйича қулай шароит яратиш топширилди. Оммавий ахборот воситаларига эса байрам тадбирларини кенг ёритиш тавсия этилди.
Қарор ижроси устидан назорат Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент маслаҳатчиси Сардор Умурзаков зиммасига юклатилди.




