Марказий банк раиси Тимур Ишметов қарорига кўра, 22-апрелдан телефон рақами ва ЖШШИР мослиги мажбурий текширилади. Мослик аниқланмаса, картани улаш ва мобил иловалардан фойдаланиш чекланади.
Марказий банк бошқаруви қарорига мувофиқ, 22-апрелдан бошлаб банк хизматларида янги тартиб жорий этилади. Унга кўра, фойдаланувчининг телефон рақами ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ўзаро мослиги мажбурий тартибда текширилади.
Мослик аниқланмаган тақдирда, мобил иловаларда рўйхатдан ўтиш ҳамда банк картасини бириктиришга рухсат берилмайди. Бу ҳақда фойдаланувчи СМС орқали хабардор қилинади.
Янги тартибга биноан, фуқаро ўз номидаги банк картасини бошқа шахс номига расмийлаштирилган телефон рақамига улай олмайди. Шунингдек, акс ҳолатда ҳам — яъни бошқа шахс картасини ўз рақамига боғлаш имконсиз бўлади.
Мазкур ўзгаришлар молиявий хавфсизликни кучайтириш ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган. Қисқача айтганда, эндиликда банк картаси ва телефон рақами бир шахс номида бўлиши ва ЖШШИР орқали тасдиқланиши шарт.




