Жамият

Ўзбекистонда АИ-92 бензини нархи кескин ошди

Administrator11-март, 2026, 20:1088 кўришлар
Ўзбекистонда АИ-92 бензини нархи кескин ошди

10-март куни ўтказилган биржа савдоларида АИ-92 маркали бензиннинг нархи 7,4 фоизга ошди. Бу ҳақда Республика товар-хом ашё биржаси хабар берди.

Маълум қилинишича, бензиннинг бир тоннаси нархи 878,9 минг сўмга ошиб, 12 миллион 723 минг сўмга етган. Бу эса ҳисоб-китобларга кўра бир литр ёқилғига ўртача 9,5 минг сўм атрофида тўғри келади.

Йил бошида АИ-92 бензини нархи бундан ҳам юқори бўлиб, 12 миллион 752 минг сўм (тоннаси) даражасида қайд этилган эди. 6-март кунги савдоларда эса нарх 11 миллион 844 минг сўмгача пасайганди.

Мутахассислар ёқилғи нархидаги ўзгаришларни глобал энергетика бозоридаги вазият билан ҳам боғламоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши фонида Ҳормуз бўғози ёпилгани сабабли 9-март куни Брент маркали нефт нархи 20 фоизга ошиб, бир баррел учун 111,04 долларга етди. Бундай кескин ўсиш 2022-йилдан буён илк бор кузатилмоқда.

Бу жараён глобал иқтисодиёт иштирокчиси бўлган Ўзбекистон бозорига ҳам таъсир кўрсатиши кутилаётганди. Мамлакатда нефт қазиб олиниб, бензин ишлаб чиқарилишига қарамай, ёқилғининг бир қисми импорт қилинади.

Масалан, 2025-йилда Ўзбекистон хориждан 2 миллиард долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари импорт қилган, шундан 1,55 миллиард доллари бензинга тўғри келган. Бу кўрсаткич нефт импортида 2,2 фоиз, бензин импортида эса 5,8 фоиз ўсишни кўрсатган.

Жорий йилнинг январ ойида мамлакатга 205,4 миллион долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари олиб келинган. Шундан 170 миллион доллари автомобиллар учун бензинга тўғри келган. Натижада нефт импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43,2 фоизга, бензин импорти эса 44,8 фоизга ошган.

Шу билан бирга, қиш мавсумида айрим ҳудудларда газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар сабаб айрим автомобил газ тўлдириш шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилгани кузатилган. Энергетика вазирлиги бунга совуқ об-ҳаво туфайли газ босимининг пасайишини сабаб сифатида кўрсатиб келмоқда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда АИ-92 бензини нархи кескин ошди | Effect.uz