Мирзо Улуғбек туманидаги “ОЛИМП” қурилиш лойиҳаси атрофидаги ҳолатлар Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилмоқда. Туман ҳокимлиги эса фуқаролар мурожаатлари асосида қурилиш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ўз ваколати доирасида чоралар кўришда давом этаётганини билдирди.
Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 30-сентябр куни фуқаролар билан ўтказилган учрашувда туман ҳокими “ОЛИМП” қурилиш обектини шахсан кўздан кечириши ва мавжуд муаммоларни ўрганишини билдирган.
Шу топшириқ ижроси доирасида 3-октябр куни туман ҳокими қурилиш обектига бориб, фуқаролар билан учрашган.
Учрашувда мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, ишнинг суд жараёнлари билан боғлиқ қисми ҳам давом этаётгани маълум қилинган.
“ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ” бўйича жиноят иши
Ҳокимлик маълумотига кўра, “ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ишнинг бир қисми судда кўриб чиқилиб, айрим шахсларга нисбатан ҳукм чиқарилган.
Жиноят ишининг бошқа қисми эса терговни давом эттириш учун Бош прокуратурага юборилган.
Ҳокимлик алоҳида таъкидлаганидек, тергов ва суд жараёнлари туман ҳокимлигининг ваколатига кирмайди. Шу сабабли мазкур жараёнларнинг бориши ва якуни бўйича қарорлар тегишли ваколатли органлар томонидан қабул қилинади.
Айни вақтда туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган штаб ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ҳоким томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида қурилиш ишларини жадаллаштириш, муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш бўйича масъулларга топшириқлар берилган.
Ҳокимлик фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, мурожаатларини кўриб чиқиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш ишлари ўз ваколати доирасида давом эттирилишини маълум қилди.




