Хоразмда ўтказилган ушбу учрашувда турли йиллардан бери ечимини топмай келаётган муаммолар яна кун тартибига чиқди. Мурожаатлардан кўринадики, айрим фуқаролар йиллар давомида яшаб келаётган уйини қонуний расмийлаштиришга уринса, бошқалари бир ерга бир нечта ҳужжат чиқарилгани ёки қурилманинг ҳуқуқий мақоми ноаниқлиги сабабли идорама-идора сарсон бўлмоқда.



Сайёр қабулнинг аҳамияти шундаки, аҳоли ўз муаммосини бевосита раҳбарларга етказиш имконига эга бўлди. Бундай учрашувлар натижаси эса фақат топшириқ бериш билан эмас, балки уларнинг қанчалик амалий ечим топгани билан баҳоланади.
Қабул давомида йиллар давомида ҳал бўлмаган ер ва мулк масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, 1989 йилдан буён бир хонадонда яшаб келаётган фуқаро 40 квадрат метр ер майдонини расмийлаштира олмаётганини билдирди. Унинг айтишича, уйнинг асосий қисмига ҳужжат бор, аммо қолган 40 кв.м масаласи очиқ қолган. Садриддин Турдиев масъулларга ҳолатни ўрганиб, қонун доирасида расмийлаштириш имконини кўриб чиқишни топширди.

Яна бир мурожаатда бир ер майдонига икки фуқарода ҳам ҳоким қарори ва кадастр ҳужжати борлиги маълум қилинди. Шунингдек, суд қарори билан боғлиқ ҳолат ҳам ўрганилди. Агентлик директори ҳужжатларни синчиклаб текшириш, суд қарорига аниқлик киритиш ва ернинг ҳуқуқий мақомини белгилаш зарурлигини таъкидлади.
Бошқа бир фуқаро эса ер ажратилганига оид эски ҳужжатларни топа олмаётганини айтди. Бу бўйича архив маълумотларини қайта кўриб чиқиш ва вазиятга ойдинлик киритиш топширилди.
Тадбиркорлик ва иш ўринларини сақлаб қолишга оид мурожаат ҳам эътиборсиз қолмади. Тадбиркор 250 квадрат метр майдондаги енгил конструксияли обектда 45 нафар ходим ишлашини, муаммо ҳал бўлмаса, бу иш ўринлари хавф остида қолишини билдириб, ёрдам сўради. Унинг таъкидлашича, обект масаласи аввал ҳам турли идора ва судларда кўрилган, аммо якуний ечим топмаган.
Садриддин Турдиев янги иш ўринларини яратиш муҳимлигини таъкидлаб, фаолият албатта қонуний асосда бўлиши кераклигини эслатди. Масъулларга обектнинг ҳуқуқий мақомини ва мавжуд ҳужжатларни ўрганиб, қонуний ечим топиш вазифаси қўйилди.
Муҳокамада 2017 йилдан буён тадбиркорлик учун ер участкалари электрон онлайн-ауксион орқали ажратилиши тартиби ҳам эслатиб ўтилди. Шу боис ҳар бир ҳолатда ердан фойдаланиш асослари ва ҳужжатларни ўзаро солиштириб чиқишга эътибор қаратилди.
Шунингдек, қабул давомида айрим фуқаролар ўз мурожаатлари ижобий ҳал этилганидан мамнунлигини билдириб, миннатдорлик изҳор этди. Улардан бири кадастр масаласи бўйича сайёр қабулга келгани ва муаммоси ижобий ҳал қилинганини таъкидлаб, масъулларга раҳмат айтди. Бошқа бир фуқаро ҳам мурожаати ечим топганидан хурсандлигини билдириб, Кадастр агентлиги раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирди.



Қабул давомида ҳар бир мурожаат бўйича масъулларнинг изоҳи олинди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қиладиганлари юзасидан тегишли идораларга вазифалар юклатилди.





Ер ва кадастр масаласида ҳар бир ҳужжат ортида инсоннинг уй-жойи, мулки ёки ҳалол меҳнати турганини унутмаслик керак. Шу сабабли муаммонинг ечими вақтинчалик чора ёки қуруқ ваъда эмас, балки мустаҳкам қонуний асосга эга бўлиши шарт. Сайёр қабулнинг ҳақиқий самараси ҳам айнан шунда — ҳар бир мурожаат охиригача ўрганилиб, аниқ, асосли ва амалий ечим топганда намоён бўлади.
Муҳаммад Али Қозоқов, Эффецт.уз



