Жамият улушлари тақсимоти, таъсисчилар таркиби, директор лавозими ва жиноят ишлари билан боғлиқ воқеалар бугунга қадар қатор саволларни кун тартибида қолдирмоқда.
“Матлубоцавдо” тугатилиши ва янги мулк муносабатлари…
2011-йил 30-мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 94-сонли қарори қабул қилиниб, “Матлубоцавдо” ҳудудий аксиядорлик компаниялари тугатилди. Уларнинг савдо, умумий овқатланиш ва бошқа ташкилотлардаги улушларини хусусий мулк сифатида сотиш белгиланди.
Шу қарор ижроси доирасида 2011-йил 15-апрел куни Самарқанд вилояти “Таъминоцавдо” ассоциацияси таъсисчилари навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказди. Йиғилиш қарорига мувофиқ, ассоциациянинг “Нарпай Замин Савдо” МЧЖдаги 51 фоизлик улуши жамиятнинг ўзига берилди.
Ўша вақтда жамият таркибида 25 нафар таъсисчи бўлган. Уларнинг орасида Фароғат Очилова ёки унинг ўғли Улуғбек Очилов иштирок этмаган.
Улушларни қандай қўл алмаштирди?
Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, кейинги йилларда жамият таъсисчиларининг айримлари турли усуллар орқали жамият таркибидан чиқарилган ва уларнинг улушлари бошқа шахслар томонидан ўзлаштирилган.
Бу ҳолатлар қонунчилик талаблари нуқтайи назаридан ҳам баҳсли кўринади. Чунки “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига кўра, жамият иштирокчиси ўз улушини учинчи шахсга сотишдан олдин бу ҳақда бошқа иштирокчиларни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
Мурожаатга кўра, мазкур ҳолатларда жамиятнинг бошқа иштирокчиларига бундай хабарлар берилмаган ва уларнинг улушни имтиёзли тарзда сотиб олиш ҳуқуқи бузилган.
Жиноят иши: суд нима деди?
2017-йилда Улуғбек Очиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Нарпай тумани судининг 2017-йил 28-декабрдаги ҳукмига кўра, у жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказганликда айбдор деб топилган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, у жамиятнинг ўша вақтдаги директори А. Рахмонов билан тил бириктириб, аҳолига арзон нархларда тарқатилиши керак бўлган ун маҳсулотларини талон-тарож қилган.
Муҳр атрофидаги можаро
Мурожаатда айтилишича, 2017-йил октябр ойида жамият муҳри масаласида ҳам жанжал содир бўлган.
Даъвога кўра, айрим шахслар дўконга келиб жамият муҳрини талаб қилган ва можаро келиб чиққан. Бу ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилинган.
Бироқ мурожаатга кўра, иш бўйича тўпланган ҳужжатлар йўқолгани сабабли тергов охирига етказилмаган.
2019-йил: жамият раҳбарияти ўзгариши
2019-йил феврал ойида жамият таъсисчиларининг бир қисми иштирокида умумий йиғилиш ўтказилиб, Фароғат Очилова жамият таъсисчилари сафига киритилган.
Шу йилнинг 16-март куни яна бир йиғилиш ўтказилиб, у “Нарпай Замин Савдо” МЧЖ директори этиб тайинланган.
Бироқ мурожаатчилар ушбу йиғилишларда барча таъсисчилар иштирок этмаганини ва айримлари бу ҳақда хабардор қилинмаганини таъкидламоқда.
Суд қарорлари ва давлат рўйхати
2025-йил 26-май куни Самарқанд туманлараро суди мазкур иш бўйича даъвони қаноатлантирди.
Суд қарорига кўра, Нарпай тумани давлат хизматлари маркази томонидан “Нарпай Замин Савдо” МЧЖнинг низомини қайта давлат рўйхатидан ўтказишдаги айрим ҳаракатлар қонунга хилоф деб топилди.
Ушбу қарор устидан берилган апелляция, кассация ва тафтиш шикоятлари рад этилди ва қарор қонуний кучга кирди.
Вилоят адлия бошқармаси маълумотига кўра, ахборот тизимида жамият низоми 2018-йилдаги ҳолатига қайтарилган.
Янги даъво
Шундан сўнг Улуғбек Очилов судга янги даъво аризаси киритди.
Дастлаб у жамият низомини маълум бир сана ҳолатига қайтариш ҳақида талаб қўйган.
Кейинчалик суд жараёни давомида даъво предмети ўзгартирилган ва суд томонидан янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Очиқ қолган саволлар
“Нарпай Замин Савдо” МЧЖ атрофидаги можаро бир неча йилдан бери турли идоралар ва суд инстансияларида кўриб чиқилмоқда.
Бироқ ҳали ҳам қатор муҳим саволлар очиқ қолмоқда:
жамият улушлари тақсимоти қонун талабларига мувофиқ амалга оширилганми?
таъсисчиларнинг барчаси умумий йиғилишлар ҳақида хабардор қилинганми?
давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари қай даражада қонуний бўлган?
Бу саволларга якуний ҳуқуқий баҳо фақат суд ва ваколатли давлат органлари томонидан берилиши мумкин.
Эффеcт.уз мазкур масала юзасидан журналистик суриштирувларни давом эттиради.



