Мингбулоқда юзлаб фермерларнинг ҳисоблари асоссиз блокланди. Текширувдан сўнг масъул ходимга жарима қўлланди.
Бизнес-омбудсман девони томонидан фермер хўжаликлари фаолиятидаги муаммолар ўрганилди. Аниқланишича, Наманган вилояти Мингбулоқ туманида фаолият юритувчи қарийб 200 га яқин фермер хўжаликларининг банк ҳисобварақлари туман солиқ инспексияси ходими томонидан асоссиз равишда тўхтатиб қўйилган.
Маълум қилинишича, қонунчиликка кўра, банк операцияларини тўхтатиш фақат солиқ органи раҳбари томонидан ва 10 кундан ошмаган муддатга амалга оширилиши мумкин. Ушбу муддатдан ортиқ чеклов эса фақат суд қарори билан қўлланилади.
Бироқ текширув давомида масъул ходим томонидан 197 та ҳолатда хўжалик субектлари ҳисоблари асоссиз блоклангани аниқланган. Ҳолат юзасидан солиқ ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида БҲМнинг 40 баравари миқдорида жарима қўлланилди. Қайд этилишича, фермер хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш Бизнес-омбудсман томонидан доимий назоратга олинган.




