Жамият

Мулкни суд қарорисиз бузиш — қонунга зид. ЎзЛидеп Тошкентдаги демонтаж ишларига муносабат билдирди

Administrator13-март, 2026, 17:1172 кўришлар
Мулкни суд қарорисиз бузиш — қонунга зид. ЎзЛидеп Тошкентдаги демонтаж ишларига муносабат билдирди

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тадбиркорларга тегишли ташқи реклама воситалари ва бошқа енгил конструксияли обектларни мажбурий демонтаж қилиш ҳолатлари юзасидан муносабат билдирди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бизнесни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Бироқ, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан давлат ташкилотлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига асоссиз равишда аралашув ва хусусий мулк дахлсизлигини бузиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва қатор ҳудудларда тадбиркорларга тегишли бўлган ташқи реклама воситалари, электромобилларни қувватлантириш қурилмалари ва бошқа енгил конструксияли обектларни мажбурий демонтаж қилиш ҳолатлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига асосан, хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш ва тегишли обектларни ўрнатиш жараёнида қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатномалар олиб, аммо, кейинчалик уларни “ноқонуний” ёки “дизайн-кодга мос келмайдиган”, деб топиб, суд қарорисиз бузиб ташлашга асос бўла олмайди.

Қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорлик субектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ва хусусий мулк ҳуқуқини бузиш учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Ҳар қандай низоли вазият, шу жумладан “ноқонуний қурилмалар”, деб топилган обектлар масаласи ҳам фақат ҳуқуқий майдонда – суд тартибида кўриб чиқилиши шарт.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш зарур ва қуйидаги чораларни кўриш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:

– тадбиркорлик субектларининг мулкини суд қарорисиз мажбурий демонтаж қилиш амалиётига чек қўйилиши;

– давлат органларининг қарорлари ва ҳаракатлари тадбиркорларга зарар етказмаслиги, аксинча, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши лозим.

Мазкур ҳолат юзасидан электорат манфаатини ифода этган ҳолда тегишли давлат ташкилотларига ўз ҳаракатларини қонунийлиги юзасидан нуқтайи назарларини баён этиш бўйича Қонунчилик палатасидаги фраксия аъзолари томонидан депутатлик сўровлари юборилади.

Бизнес фаолияти эркинлиги кафолатлари ва мулк ҳуқуқининг ҳимоясини таъминлаш масаласи Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг доимий назоратида эканлигини маълум қиламиз.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Мулкни суд қарорисиз бузиш — қонунга зид. ЎзЛидеп Тошкентдаги демонтаж ишларига муносабат билдирди | Effect.uz