Исроилнинг Еҳуд шаҳрида содир бўлган ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган шахс ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси расмий маълумот берди.
Сўнгги кунларда айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 2026-йил 9-март куни Исроилнинг Еҳуд шаҳрида қурилиш майдонида содир бўлган ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган шахс ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси қуйидагиларни маълум қилди: ҳалок бўлган 62 ёшли Рустам Ғуломов Ўзбекистонда туғилиб вояга етган, бироқ 2017-йилда Ўзбекистон фуқаролигидан чиққан. У сўнгги 14-йил давомида Исроилда яшаб келган ва ушбу давлат фуқаролигини олган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Элчихона маълумотига кўра, 11-март ҳолатига Ўзбекистон фуқароларидан жароҳат олганлар ҳақида дипломатик ваколатхонага ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган.
Шу билан бирга, Исроил ҳудудида вазият кескинлигича сақланиб қолаётгани сабабли элчихона ушбу мамлакатда вақтинча ишлаётган ёки доимий яшаб келаётган ватандошлардан огоҳлантириш сигналларига жиддий муносабатда бўлиш, шунингдек хавфсизлик талаб ва қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраб мурожаат қилди.




