Ижтимоий тармоқларда электромобил қувватлаш стансиялари электр тармоғидан узилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Кобулжон Турсунов Энергетика вазири Журабек Мирзамахмудов номига электромобиллар учун қувватлаш стансиялари фаолияти юзасидан сенатор сўрови юборди.
Мамлакатда электромобилларни ривожлантириш, уларни қувватлаш стансиялари инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни рағбатлантириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда фуқаролик жамияти, тадбиркорлар ва мутасадди ташкилотлар томонидан электромобилларни қувватлаш стансияларини ташкил этиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар ушбу соҳада айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда электромобиллар ҳамда қувват олувчи гибрид транспорт воситалари учун мўлжалланган қувватлаш стансияларини электр тармоғидан вақтинча узиш ва уларнинг фаолиятини чеклаш ҳолатлари ҳақида хабарлар тарқалган.
Мазкур ҳолатлар жамоатчилик орасида норозилик уйғотган.
Шу муносабат билан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобулжон Турсунов Энергетика вазири Журабек Мирзамахмудов номига сенатор сўрови юборди.

Сенатор сўровда электромобиллар ва қувват олувчи гибрид транспорт воситалари учун мўлжалланган қувватлаш стансияларини электр тармоғидан узиш сабабларини, ушбу стансиялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни, инфратузилмани ривожлантириш режаларини ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чоралар ҳақида асосланган маълумот тақдим этишни сўраган.




