Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаров иши бўйича биринчи суд мажлиси ўтказилди.
Тошкент шаҳрида “Демократ.уз” интернет нашри раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Эффеcт.уз мухбири Моҳинур Ҳамдамова хабар берди.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Меҳмонов ва Ғоипназаровга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИББнинг 2026-йил 12-февралдаги маълумотига кўра, воқеа 2025-йил 15-декабр куни бошланган. Тергов версиясига кўра, Ғоипназаров Сергели туманидаги автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернетга жойлаштирган.
Шундан сўнг, тергов маълумотларига кўра, Меҳмонов ва Ғоипназаров ушбу видеони ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда тадбиркорни обрўсизлантирувчи бошқа видеоматериални ОАВда жойлаштирмаслик эвазига жабрланувчидан 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ИИББ маълумотига кўра, Меҳмонов 29-январ куни 3 минг доллар, 10-феврал куни эса 17 минг доллар олаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Кейинчалик иш бўйича Фазлиддинхон Меҳмоновга нисбатан бир нечта моддалар бўйича айбловлар қўйилган. Жумладан, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари ва 3-қисми “а” банди, 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 4-қисми “а” банди, шунингдек 248-моддаси 1-қисми.
165-модда товламачиликка оид жиноятларни назарда тутади. Ишда кўрсатилган 165-модда 2-қисми “а”, “в” бандлари ҳамда 3-қисми “а” банди товламачиликнинг тегишли оғирлаштирувчи ҳолатларини қамраб олади.
168-модда фирибгарликка оид. Меҳмоновга қўйилган 168-модда 3-қисми “б” банди ва 4-қисми “а” банди бўйича айбловлар ҳам иш материалларида кўрсатилган тегишли ҳолатларга тааллуқли.
248-модда 1-қисми қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш билан боғлиқ қилмишларни назарда тутади.
Азиз Ғоипназаровга эса 165-модда 3-қисми “а” банди бўйича айблов қўйилган.

Иш материалларида 9 нафар жабрланувчи кўрсатилган: Жушкин Туйғунов, Руфат Садинов, Умид Иноятов, Меҳрож Раҳматов, Карим Камолов, Нигора Муҳитдинова, Лазиз Мирзаев, Ўктам Мирзаев ва Лутфулла Ҳафизов.

29-сентябр куни Миробод туман судида мазкур иш бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисга судя Баҳодир Мейлиев раислик қилди. Биринчи суд мажлисида жабрланувчилардан Ўктам Мирзаев ва Нигора Муҳитдинованинг фикрлари эшитилди.
Нигора Муҳитдинованинг кўрсатмасича, Фазлиддинхон Меҳмонов унга “Демократ.уз” сайтида таъсисчи бўлиш эвазига 50 минг АҚШ доллари беришни сўраган. Унинг айтишича, у дастлаб 30 минг доллар, орадан бир ой ўтиб яна 10 минг доллар берган. Кейинчалик эса ушбу маблағларни қайтаришни талаб қилган. Шундан сўнг Ф.Меҳмонов қамоққа олингани маълум бўлган.

Иккинчи ҳолат бўйича эса, Сергели туманидаги автосалонлардан бири раҳбари Ўктам Мирзаевнинг кўрсатмасича, улар Ф.Меҳмонов билан автосалон ва шахсий брендни ривожлантириш масаласида музокара олиб борган. Унинг билдиришича, сўралган маблағдан 17 минг долларини ресторанлардан бирида бераётган вақтида тезкор ходимлар Ф.Меҳмонов ва Ғоипназаровни қўлга олган.
Шу тариқа, жиноят иши суд муҳокамаси босқичига ўтди. Айни пайтда Меҳмонов ва Ғоипназаровга қўйилган айбловлар суд томонидан кўриб чиқилмоқда. Кейинги суд жараёни 6-октябр кунига белгиланган.
Эслатма: Суднинг якуний ҳукми қонуний кучга киргунига қадар Меҳмонов ва Ғоипназаров айбсизлик презумпсияси асосида қаралади.



