Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Чирчиқ шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда йирик солиқ фирибгарлиги схемаси фош этилди.
Тергов маълумотларига кўра, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи МЧЖнинг муқаддам судланган ходими Навоий вилоятидаги хусусий корхона иш бошқарувчисининг ишончига кириб, қалбаки ҳужжатлар орқали бюджетдан ҚҚС маблағини қайтариб олишни таклиф қилган.
У 2025–2026-йилларда гўёки 20 млрд сўмлик товар айланмаси мавжудлиги ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, солиқ идораларидаги танишлари орқали 2 млрд сўм ҚҚСни қайтариб беришни ваъда қилган. Бу “хизмат” учун эса 340 млн сўм талаб қилинган.
Схемага кўра, Андижон шаҳрида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор шерик сифатида жалб этилган. У таниш корхоналар ўртасида электрон шартномалар расмийлаштириб, гўёки 18 млрд 670 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари, транспорт хизматлари ва қурилиш материаллари етказиб берилгани ҳақида 10 та сохта электрон ҳисоб-фактура тайёрлаган. Шу йўл билан 2 млрд сўм ҚҚС қайтарилишига эришилган.
Кейинчалик талаб қилинган маблағни олиш жараёнида уларнинг жиноий шериклари — Қибрай туманида яшовчи 1973-йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган шахс ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 1996-йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро орқали пулни қабул қилиш вақтида қўлга олинган. Аниқланишича, 340 млн сўм пул маблағи жиноий гуруҳ ўртасида тақсимланиши режалаштирилган.
Мазкур тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шунингдек, ушбу схемага алоқадор бўлган солиқ идоралари ходимларини аниқлаш бўйича қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.




