Жамият

Андижондаги кўчмас мулк низоси: «Азиа Мах» ва «Зеромах» компаниялари ўртасида сарсон мулкдорнинг 7 йиллик муаммоси

Administrator26-сентябр, 2026, 16:33100 кўришлар

Андижон шаҳрида жойлашган мулки 2019-йилда реконструксияга тушган фуқаро 7 йилдан бери ўз ҳуқуқларини тиклаш учун курашмоқда. Тадбиркор фуқаронинг айтишича, у 1997 ва 2001-йилларда сотиб олинган, ҳар бир хона майдони тахминан 44 квадрат метр бўлган иккита обектга эгалик қилиб келган ва ундан фотостудия сифатида фойдаланиб келинган.

“1997-йилда ва 2001-йилда 2 та 1 хонали (ҳар бири 44 кв.м дан) жой харид қилиб, 2019-йилга қадар солиқларни тўлаб, фотостудия сифатида юритиб, тадбиркорлик фаолияти олиб борганман”, – дейди мурожаатчи тадбиркор.

Мазкур можаро 2019-йилда бошланган. Ҳудуд реконструксияга туширилган ва аввал бир қурилиш компанияси билан келишув қилинган.

Маълум бўлишича, дастлаб «Азиа Мах» компанияси билан боғлиқ жараён бўлган, кейин эса ушбу компания фаолияти ноқонуний деб топилиб, лойиҳа “Зеромах” компаниясига ўтказилган. Шундан сўнг мулкдорлар “Зеромах” билан шартнома тузган. «Зеромах» билан шартнома тузилаётган вақтда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги кафолатчи (гарант) сифатида иштирок этган. Унда фирма алмашган тақдирда ҳам, ҳокимият мулкдорнинг жойини шартномада кўрсатилганидек қайтариб беришни ўз бўйнига олган ва “ертага фирма алмашиб кеца ҳам, бошқа бўлса ҳам, сизга жойингиз шартномада қандай кўрсатилган бўлса, шундай қайтариб берилади”, меган мазмунда кафолат берилган.

Бироқ вақт ўтиб Зеромах билан боғлиқ жараёнда ҳам муайян муаммолар юзага келган ва қурилиш ишлари яна «Азиа Мах» қурилиш компанияси иҳтиёрига ўтган. Ҳозирда ушбу қурувчи томон «Зеромах» билан тузилган шартномаларни тан олмаяпти ва фуқарога фақатгина эски ҳужжатларида кўрсатилган турар жой статусига асосланиб, бинонинг юқори қаватларидан уй таклиф қилмоқда.

«Мен инвестор эмасман, мулкдорман»

Мурожаатчининг асосий эътирози — унга янги бинодан бошқа жой таклиф қилинаётгани. Унинг таъкидлашича, аввалги мулки биринчи қаватда жойлашган ва унда узоқ йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти олиб борган. У 1997-йилда мазкур жойни олганини, кейинчалик, 2001-йилда иккинчи обектни ҳам харид қилганини билдирди.

У ушбу бинолардан фотостудия сифатида фойдаланганини, 2019-йилгача тадбиркорлик фаолиятини амалга оширганини айтди. Низо эса реконструксиядан кейин мазкур жойларнинг мақоми ва уларнинг ўрнига қандай обект тақдим этилиши масаласида кучайган.

Мурожаатчи ўз талабини пул ёки қўшимча компенсация билан боғламаётганини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, асосий талаби — аввалги мулкининг ҳуқуқий мақоми ва шартномаларда белгиланган талабларга мос равишда таъминланиши.

«Мен бу ерда инвестор эмасман, мен — мулкдорман! Конституцияда хусусий мулк дахлсиз деб белгилаб қўйилган. Менинг биринчи қаватдаги жойимни бузиб, ўрнига ўзлари фойдаланишяпти. Мен ортиқча нарса ёки фойда сўрамаяпман, фақат ўз жойимни беришини сўраяпман», — дейди у.

Турар жой ўрнига турар жой, нотурар жой ўрнига нотурар жойми?

Можаронинг яна бир муҳим жиҳати — мулкнинг мақоми. Мурожаатчининг айтишича, аввал унга биринчи қаватдаги жойи турар жой бўлган бўлса, ўша жойда турар жой берилиши, агар нотурар бўлса, нотурар жой билан таъминланиши тушунтирилган. Бироқ кейинчалик унга аввалги жойи ўрнига бошқа қаватдан жой таклиф қилинаётгани айтилган.

Мурожаатчи эса бу ҳолат тадбиркорлик фаолияти учун муҳим эканини таъкидлайди. Чунки унинг аввалги жойи биринчи қаватда бўлган ва у ерда фотостудия фаолияти юритилган.

Қурилиш компанияси томонининг суҳбатдаги позицияси эса бошқача. Уларнинг айтишича, мулкдорларга турар жой бўлса — турар, нотурар жой бўлса — нотурар жой берилиши назарда тутилмоқда. Бироқ айнан қайси қават ёки хонадон берилиши масаласида томонлар ўртасида келишмовчилик мавжуд. Шу сабабли компания вакили суд қарорини кутаётганини билдирди.

Банк кредити ва гаров масаласи: 20 миллиард сўмлик хавф

Суриштирув жараёнида яна бир мураккаб ва ташвишли ҳолат юзага чиқди. Мурожаатчи ва бошқа манбаларнинг маълум қилишича, қурувчи томонидан ушбу обектнинг тайёр бўлган ва қурилаётган муайян қисми Ҳамкорбанкка гаровга қўйилиб, 20 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари расмийлаштирилган.

Бу ҳолат нафақат мурожаатчи тадбиркорда, балки ушбу бинодан жой кутаётган бошқа фуқароларда ҳам агар эртага қурувчи компания олинган 20 миллиард сўмлик кредит мажбуриятини вақтида тўлай олмаса, банк гаровга қўйилган ушбу бинони тортиб олмайдими? Банк ундирувни гаровдаги мулкка қараца, йиллар давомида ўз мулкини кутиб сарсон бўлаётган фуқаролар ва мулкдорлар мутлақо уйсиз ва жойсиз қолиб кетаверадими, деган жуда жиддий хавотирларни пайдо қилмоқда.

Бундан ташқари, мулкдорнинг аввалги 84 кв.м майдонга эга қонуний кадастр мезоний ҳужжати бўла туриб, қурувчи ушбу жойни тақиқдан чиқариш ёки янги кадастр расмийлаштириш орқали бошқа учунчи шахсларга сотиб юборгани ҳақида ҳам эътирозлар билдирилмоқда. Эртага қурувчининг тўловга қобилияцизлиги туфайли банк гаровдаги мулкни тортиб олиш эҳтимоли юқорилиги жараённи янада чигаллаштирмоқда. Бу масалалар ҳам айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилмоқда.

«Етти йилдан бери фаолиятимни тиклай олмаяпман»

Мурожаатчининг айтишича, реконструксия ва низо сабабли у қарийб этти йил давомида аввалги жойида ишлай олмаган. Унинг таъкидлашича, бу вақт давомида оиласи билан бошқа жойни ижарага олиб, фаолиятини давом эттиришга мажбур бўлган. У мазкур даврни нафақат мулкий, балки оилавий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам оғир кечганини билдирди.

«Муаммо бошланганда ўғлим 8 ёшда эди, ҳозирда 17 га кирди. 7 йил умрим шу сарсонгарчиликларда ўтиб кетди. Ижарада жой олиб, рўзғор тебратиб юрибмиз. Ўз уйимиздан фойдалана олмай, сарсон бўлаётганимиз алам қилади», — дейди у.

Ҳокимият ва прокуратуранинг ожизлиги: қурувчининг «енгилмас суянчиғи» борми?

Мурожаатчи сўнгги йилларда прокуратура, ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Омбудсманга қайта-қайта мурожаат қилганини билдирди. Шаҳар ҳокимлиги қабулида бўлганда эса «Бу масала бизнинг ваколатимизга кирмайди, судга учрашинглар» деган жавоб берилган. Ваҳоланки, дастлабки шартномалар масъуллар иштирокида ва кафолати остида тузилган эди.

Мурожаатчининг таъкидлашича, уларда Андижон вилояти прокуратурасининг қурилиш бўлими прокурори ва қурувчи компания вакили (Акбар исмли шахс) ўртасидаги суҳбат муҳрланган видеоёзув мавжуд. Унинг сўзларига кўра, қурувчи вакили ҳатто прокуратура ходими билан мулоқотда ҳам ҳеч нарсадан ҳайиқмай, «мен сизга муаммо туғдириб қўяман» мазмунида дўқ-пўписа қилган ва илгари Андижон шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари келганида ҳам уни одамлар орасида беҳурмат қилиб ҳайдаб юборган.

Мурожаатчининг айтишича, маҳаллий органларнинг ожизлигини кўриб, уларда қурувчининг орқасида республика даражасидаги «катта суянчиғи» бор деган гумонлар пайдо бўлмоқда.

«Агар битта қурувчи фуқароларнинг кўз олдида вилоят прокуратураси ходимини менсимаса, ҳоким ўринбосарини беҳурмат қилса, демак унинг орқасида жуда катта суянчиғи бор. Оддий фуқаро шундай гапирганида мутлақо бошқача чора кўрилган бўларди. Вилоят даражасидаги прокурорнинг ҳам сўзи ўтмаса, унда бизга ким ёрдам беради? Маҳаллий масъулларнинг бу ожизлигини кўриб, энди фақат Президент Администрациясига мурожаат қилишдан бошқа чорамиз қолмаганини тушуниб етяпмиз», дейди у.

Қурилиш компанияси томони нима демоқда?

Суҳбатнинг иккинчи қисмида қурилиш компанияси вакили билан ҳам гаплашилди. Унинг позициясига кўра, мурожаатчи аввалги қурилиш компанияси билан шартнома тузган. Ҳозирги компания эса ўша шартнома бўйича барча мажбуриятларни ўз зиммасига олгани ёки олмагани масаласида бошқача позицияда.

Компания вакили мурожаатчи билан бевосита тузилган шартнома мавжуд эмаслигини таъкидлади. Шунингдек, томонлар ўртасида айнан қайси жой ва қайси шартлар бўйича келишув бўлгани масаласи судда кўриб чиқилаётганини билдирди.

Компания вакилига кўра, мурожаатчига мулк умуман берилмайди, деган позиция йўқ. Масала — унга қайси жой, қайси мақомда ва қандай тартибда берилиши ҳақида. Шунинг учун компания томони суд қарорини кутаётганини билдирган.

Асосий баҳс — кимнинг қайси мажбурияти бор?

Суҳбатдан кўриниб турибдики, можаронинг марказида фақат «биринчи қават ёки бошқа қават» масаласи эмас. Бу ерда бир нечта муҳим ҳуқуқий саволлар туғилмоқда:
— Аввалги мулкка бўлган ҳуқуқ қайси ҳужжатлар билан тасдиқланган?
— “Зеромах” билан тузилган ва ҳокимлик кафолати бўлган шартнома кейинги қурилиш компанияси учун мажбурият юзага келтирадими?
— Банкнинг 20 миллиард сўмлик кредити ва гаров шартномаси келажакда мулкдорларни уй-жойсиз қолдирмайдими?
— Маҳаллий ҳокимлик ва прокуратура органлари нега ўзлари кафолат берган ваколатларни таъминлай олмаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хусусий мулк дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланиши очиқ-ошкор белгилаб қўйилган. Бироқ Андижондаги ушбу ҳолат маҳаллий ҳокимият кафолати остида тузилган битимлар ҳам баъзида фуқароларни ҳимоя қила олмаётганини кўрсатмоқда. Суд текширувлари давомида бинонинг банк гаровига қўйилиши, кадастр ҳужжатларининг ўзгариши ва пудратчиларнинг ҳуқуқий ворислиги масалаларига баҳо берилиши кутилмоқда.

Эффеcт.уз воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Муҳаммад Али Қозоқов, Эффеcт.уз

&нбсп;

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Андижондаги кўчмас мулк низоси: «Азиа Мах» ва «Зеромах» компаниялари ўртасида сарсон мулкдорнинг 7 йиллик муаммоси | Effect.uz