Qorong‘i rejim
Жамият

“Афтингга, башарангга қ****им” – Сурхондарёда ҳоким фермерларни бўралатиб сўкиб, ҳақорат қилди

Akmal Eshonxonov147 кўришлар

Эффецт.узъга Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида фермерлар иштирокида ўтказилган йиғилишлардан бирида туман ҳокими Акбарали Ишмурзоевга тегишли экани айтилган аудиоёзув етиб келди. Аудиода фермерга нисбатан ҳақоратомуз ва таҳқирловчи иборалар ишлатилгани эшитилади.

Воқеа 2026-йил октябр ойида Шўрчи туманидаги кимё корхонаси биноси ҳамда туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишлар давомида содир бўлган. Аудиоёзувда ҳоким сифатида таништирилган шахс фермердан давлатга топширилиши керак бўлган ҳосил ва ердан фойдаланиш масалалари бўйича ҳисобот сўрайди. Суҳбат давомида эса фермерга нисбатан “муттаҳам”, каби ўта жиддий ҳақоратомуз сўзлар ишлатилгани эшитилади. Афсуски, ҳоким фермерларнинг шахсият чегарасини шунчаки хатлаб ўтганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Жумладан, аудиода:

«Сен, муттаҳам, кредит ўғрилашни биласан, давлат ерида бошқа нарса экишни биласан, арпани халталаб сотишни биласан... Ер кодексини билмайсан. Энди мен сенга уни билдираман, муттаҳам!» — деган мазмундаги сўзлар янграйди.

Маълумот берган фермерларнинг айтишича, бундай муомала бир марталик ҳолат эмас. Уларнинг таъкидлашича, туманда фермерлар иштирокида кечки пайт, баъзан соат 23:00 гача давом этадиган йиғилишларда ҳам шунга ўхшаш вазиятлар кузатилган. Ишмурзоев ҳатто фермерларнинг онасидан ҳам сўккан.

“Ёмғир ёғадими, тошми, момонгники ёғадими бугундан бошлайсан бетонни”, – дейди ҳоким.

Шунингдек, айрим фермерлар йиғилиш вақтида телефонлари олиб қўйилиши сабабли воқеаларни тасвирга олиш имкони бўлмаганини билдирмоқда. Яна бир жиддий даъво ҳам бор: айрим фермерлар ҳоким томонидан жисмоний куч ишлатилган ҳолатлар бўлганини айтмоқда. Бироқ ҳозирча бу ҳолатлар бўйича таҳририятда мустақил тасдиқланган видео ёки бошқа далиллар мавжуд эмас.

Мансабдор шахс фермерлар билан мулоқот жараёнида ҳақоратомуз сўзларни ишлатиши мумкинми?

Давлат органи раҳбари ҳар қандай йиғилишда талабчанлик ва танқидни амалга ошириши мумкин. Бироқ бу мулоқотда инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга йўл қўйиладими, деган масала ҳуқуқий ва хизмат интизоми нуқтайи назаридан алоҳида баҳоланиши керак.

Айниқса, гап оддий фуқаро эмас, ўз ҳудудида давлат органи раҳбари иштирокидаги расмий йиғилиш ҳақида кетаётган бўлса, мансабдор шахснинг муомала маданияти ва ваколатларидан қандай фойдаланиши жамоатчилик учун муҳим масала ҳисобланади.

Таҳририят ушбу аудиоёзувдаги овоз ҳақиқатан ҳам Шўрчи тумани ҳокими Акбарали Ишмурзоевга тегишлими, аудио қайси йиғилишда ва қандай шароитда ёзиб олинганини мустақил равишда тасдиқлай олмади.

Шу сабабли ҳокимлик ва масъул идораларнинг мазкур ҳолат юзасидан муносабати кутилади.

Шўрчи тумани ҳокими ҳақоратомуз сўзларни ишлатганми? Йиғилишда фермерларга нисбатан босим бўлганми? Агар шундай бўлган бўлса, бунга қандай ҳуқуқий баҳо берилади?

Таҳририят ушбу саволлар бўйича Шўрчи тумани ҳокимлиги ва мутасадди идораларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Афтингга, башарангга қ****им” – Сурхондарёда ҳоким фермерларни бўралатиб сўкиб, ҳақорат қилди | Effect.uz