⚠️ ATTENTION: The site is running in test mode!⚠️ ATTENTION: The site is running in test mode!
Society

“Умидим қолмаганди, аммо масала ҳал бўлди” – 565 миллионлик лот, 3 йиллик сарсонлик: андижонлик тадбиркорнинг муаммоси вилоят прокурори қабулидан сўнг ҳал бўлди

Administrator3 h ago16 views
“Умидим қолмаганди, аммо масала ҳал бўлди” – 565 миллионлик лот, 3 йиллик сарсонлик: андижонлик тадбиркорнинг муаммоси вилоят прокурори қабулидан сўнг ҳал бўлди

Давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати ва халқ билан мулоқот тизими жойлардаги кўплаб чигал муаммоларнинг қонуний ечимига сабаб бўлмоқда. Бунинг навбатдаги исботи сифатида Андижон вилоятида узоқ вақтдан буён ечилмай келаётган йирик мулк низосининг ижобий якунланганини кўрсатиш мумкин. Effeсt.uz мухбири ушбу мураккаб жараённи бошидан кечирган тадбиркор билан суҳбат уюштирди.

Муаммо қандай бошланган эди?

Мурожаатчининг сўзларига кўра, ҳаммаси 2023 йилнинг август ойида бошланган. Тадбиркор Шаҳрихон тумани, «Янги замон» МФЙ ҳудудида жойлашган 41-мактаб филиалининг бино ва иншоотларини (ҳужжат бўйича 1 гектару 26 сотих ер майдони билан бирга) электрон аукцион орқали 565 миллион сўмга сотиб олади. Мулк қиймати бир ой ичида тўлиқ тўланиб, мулкдорлик ордери қўлга киритилади.

Бироқ мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш (кадастр қилиш) учун ариза берилганда кутилмаган тўсиқлар пайдо бўлади. Кадастр идораси ер майдони амалда 1,26 гектар чиқмаётганини (баъзилар 78 сотих, баъзилар 60 сотих дея) рўкач қилиб, аризани рад этади. Давлат активларини бошқариш агентлиги эса ҳужжатлар тўғри эканини таъкидлайди. Натижада икки идора ўртасидаги эҳтиётсизлик ва эътиборсизлик оқибатида тадбиркор учун қиймати 5 миллиард сўмга тенг бўлган катта муаммо юзага келади.

«Дежурний» жавоблар ва туманлардаги сарсонгарчилик

Тўрт томони девор билан ўралган мулкни қонуний расмийлаштириш учун тадбиркор 3 йил давомида судма-суд юради, ички ишлар ва прокуратура органларига тинимсиз мурожаат қилади.

"Портал орқали Шаҳрихон туманига келган мурожаатларим бўйича ҳеч ким ҳудудга бориб ўрганмасди. Кадастрдан тайёр хулосани олиб, 'фалон нарсадан норози бўлсангиз, юқори ташкилотга мурожаат қилинг' деган мазмунда 'дежурний' жавоб хати беришарди холос. Одам баъзида шундай вазиятларда қонун ва адолатга ишонмай, умидсизликка тушиб қолар экан", — дейди куюниб тадбиркор.

Aҳвол шу даражага етадики, қўшнилар билан чегара можаролари, маҳалла қўмитаси томонидан ўз вақтида ноқонуний сотиб юборилган ерлардаги ўзбошимча қурилмалар муаммони янада чигаллаштиради.

Вилоят прокурорининг қабули — умидсизликдан қонун устуворлигигача

Чорасиз қолган тадбиркор Андижон вилояти прокурорининг ижтимоий тармоқлардаги расмий канали орқали ташкил этилган сайёр қабулдан хабар топиб, у ерга йўл олади.

"Тўғриси, умидсиз ҳолатда боргандим. Лекин вилоят прокурори мурожаатни диққат билан тинглаб, тегишли бўлимларга топшириқ берди. Мен 3 йил давомида туман идораларини 3 километрлик йўлни босиб, жойига олиб келолмаган эдим. Вилоят прокуратурасининг 32-бўлим ходими Ойбек ака Қаюмов ва бўлим раҳбари шахсан келиб, ҳудудни синчиклаб ўрганишди".

Прокуратура ходимларининг креслодан турмай ишлайдиган эмас, балки халқ ичига кириб борадиган ҳақиқий жонкуярлиги сабабли мазкур мураккаб иш атиги 15 кун ичида қонуний ечимини топди. Тадбиркорнинг телефонига бир кунда бир неча бор хабарлар келиб, кадастр ҳужжатлари қисқа фурсатда расмийлаштирилди.

Мурожаатчи хулосаси ва миннатдорчилиги

Бугунги кунда тадбиркор қўшнилар билан ўзаро келишиб, маълум қисм ерларни йўл учун ажратган ҳолда мулкига тўлиқ эгалик қилмоқда. У нафақат вилоят прокуроридан, балки вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Санжар аканинг ҳам ҳар якшанба куни ўтказадиган фуқаролар қабули ва у ердаги муаммоларнинг тезкор ечимидан жуда мамнунлигини билдирди.

"Хулосам шуки, агар тумандаги масъуллар ўз вазифасини сидқидилдан бажарганида, оддий халқ ёки тадбиркор вилоятга сарсон бўлиб бормасди. Президентимиз айтганларидек, юқорида раҳбарлар ишлаяпти, лекин қуйи тизимдагилар ҳали ҳам сусткашликка йўл қўймоқда. Мен қонун устуворлигига қайта ишондим ва вилоят прокуратураси ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман", — дея сўзини якунлади тадбиркор.

"Effect.uz" эслатиб ўтади: Агар сизда ҳам шу каби ечимини топмаётган муаммолар бўлса, вилоят раҳбарларининг расмий қабулларига ёки таҳририятимизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Интервюнинг тўлиқ шаклини You Tubeʼдаги каналимизда томоша қилишингиз мумкин.

Муҳаммад Али Қозоқов, Effect.uz

Share:

Related News

“Умидим қолмаганди, аммо масала ҳал бўлди” – 565 миллионлик лот, 3 йиллик сарсонлик: андижонлик тадбиркорнинг муаммоси вилоят прокурори қабулидан сўнг ҳал бўлди | Effect.uz