⚠️ ATTENTION: The site is running in test mode!⚠️ ATTENTION: The site is running in test mode!
Society

«Мен қонунман, мен қарорман, мен ўзим рухсат, мен ўзим жавоб бераман» — Тошкентда мулкдорнинг ҳуқуқлари топталмоқда

Administrator3 h ago21 views
«Мен қонунман, мен қарорман, мен ўзим рухсат, мен ўзим жавоб бераман» — Тошкентда мулкдорнинг ҳуқуқлари топталмоқда

Бугун мамлакатимизда хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида таъкидланмоқда. Бироқ жойларда кузатилаётган айрим ҳолатлар қонун устуворлиги ва хусусий мулк дахлсизлиги тамойиллари амалда ҳамиша ҳам таъминланмаётганини кўрсатмоқда.

 Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Заковат маҳалласида содир бўлган воқеа ҳам ана шундай баҳсли ҳолатлардан бири сифатида жамоатчилик эътиборини тортмоқда.

Мурожаатчи Акрам аканинг маълум қилишича, у низоли ер майдонини 2018 йил декабрь ойида қонуний тартибда сотиб олган. Мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган, 2020 йилда эса кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. Унинг айтишича, шундан кейин ҳам турли идоралар томонидан қурилиш ишларини бошламаслик ҳақида тилхатлар олиниб, ер майдонидан фойдаланиш имконияти чекланган. Шу билан бирга, мулкдор ҳар йили катта миқдорда солиқ тўлашда давом этган.

Кейинчалик мазкур ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани тасарруфига ўтгач, ер майдони юзасидан прокуратура томонидан судларга даъволар киритилади. Даъволарда ер ажратиш тўғрисидаги аввалги қарорларни бекор қилиш ва ҳудудни давлат захирасига қайтариш талаб қилинган. Бироқ фуқаролик суди прокуратуранинг даъволарини қаноатлантиришни рад этиб, мулкдор фойдасига қарор қабул қилган.

 

Шундан сўнг мулкдор ҳудудни тартибга келтириш мақсадида ўз маблағи ҳисобидан ер атрофини замонавий туника тўсиқлар билан ўраб чиққан. Аммо жорий йилнинг 12 апрель куни номаълум тартибда келган бир гуруҳ шахслар мазкур тўсиқларни бузиб ташлагани айтилади. Воқеа жойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳам бўлгани қайд этилмоқда.

 Мулкдорнинг таъкидлашича, у ҳужжатларини кўрсатишга уринган вақтда ўзини шаҳар ҳокимлиги вакили сифатида таништирган шахс томонидан «Мен ўзим қарорман, мен ўзим қонунман» деган мазмундаги гаплар айтилган.

 Мазкур ҳолат юзасидан яна бир муҳим савол туғилади. Агар мулк бўйича баҳслар суд тартибида кўриб чиқилган ва тегишли қарорлар қабул қилинган бўлса, қандай ҳуқуқий асос билан мулкка зарар етказилган? Шунингдек, ҳудудда ҳеч қандай фавқулодда вазият ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид мавжуд бўлмаган ҳолда прокуратура, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларининг ушбу жараёнда иштирок этгани ҳам изоҳ талаб қилади.

 Маҳалла раиси ҳам журналист билан суҳбатда мулкдорнинг ҳужжатлари мавжудлигини тан олган ҳолда, аҳоли учун боғча ва болалар майдончасига эҳтиёж борлигини билдирган. Бироқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари қанчалик муҳим бўлмасин, уларни амалга ошириш қонунчиликда белгиланган тартиблар, компенсация механизмлари ва суд қарорларисиз бажарилиши мумкин эмас.

 Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратурасига журналистик сўров юборилган бўлиб, мутасаддилар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда. Жамоатчилик эса бир саволга жавоб изламоқда: агар суд қарорлари, давлат рўйхатидан ўтган мулк ҳуқуқи ва қонуний ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда ҳам мулкдор ўз мулкини ҳимоя қила олмаса, хусусий мулк дахлсизлигининг амалдаги кафолати қай даражада таъминланмоқда?

 Биз воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз ва Тошкент шаҳар прокуратурасидан адолатли муносабат кутиб қоламиз.

Муҳаммад Али Қозоқов, «Effekt.uz» ахборот агентлиги журналисти

Share:

Related News

«Мен қонунман, мен қарорман, мен ўзим рухсат, мен ўзим жавоб бераман» — Тошкентда мулкдорнинг ҳуқуқлари топталмоқда | Effect.uz