Ўзбекистон

Етим болаларга берилган уйлар нега хусусийлаштирилмаяпти? ИҲМА муносабат билдирди

Administrator16-май, 2026, 22:02209 кўришлар
Етим болаларга берилган уйлар нега хусусийлаштирилмаяпти? ИҲМА муносабат билдирди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат уй-жой фондидан берилган уйларни хусусийлаштириш билан боғлиқ мурожаатлар ва эътирозлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2021-йил 25-октабрга қадар ушбу тоифадаги шахсларга Вазирлар Маҳкамасининг 2010-йилдаги 164-сон қарори асосида давлат уй-жой фондидан ижара ҳуқуқи асосида турар жойлар ажратилган.

Уй-жой кодексининг 8-моддасига кўра, мақсадли коммунал уй-жой фондига кирувчи уйлар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга хусусийлаштириш ҳуқуқисиз, ижара асосида берилади. Ушбу фондни бошқариш эса маҳаллий ҳокимликлар ваколатига киради.

Агентликнинг таъкидлашича, мазкур уйлар унинг балансида эмас ва уй-жойларни хусусийлаштириш бўйича қарор қабул қилиш ваколати ҳам Агентликка тегишли эмас.

Шунингдек, давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 11-мартдаги 124-сон қарори билан тартибга солиниши билдирилди.

Қайд этилишича, ижара асосида уй олган фуқаролар уй-жойни хусусийлаштириш масаласида бевосита тегишли туман ёки шаҳар ҳокимлигига, шунингдек Мй.гов.уз портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Етим болаларга берилган уйлар нега хусусийлаштирилмаяпти? ИҲМА муносабат билдирди | Effect.uz