Жаҳон

Яқин Шарқдаги кескинлик нефт бозорига таъсир қилмоқда: Ўзбекистонда бензин нархи нима учун ўзгаряпти?

Administrator14-март, 2026, 03:23112 кўришлар

Ҳормуз бўғози атрофидаги геосиёсий хавфлар жаҳон нефт бозорида нархларни кескин ўзгартирмоқда. Бу жараён Ўзбекистондаги ёқилғи нархларига ҳам таъсир қила бошлади.

Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият сўнгги кунларда янада кескинлашмоқда. АҚШ, Эрон ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршилик нафақат минтақада, балки жаҳон иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, дунё нефт савдосининг катта қисми ўтадиган Ҳормуз бўғози атрофидаги вазият халқаро бозорларда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бу омиллар ёқилғи бозорида ҳам ўзгаришларга олиб келмоқда. 2026-йил 10-март куни бўлиб ўтган савдоларда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси маълумотига кўра, АИ-92 маркали бензин нархи 7,4 фоизга ошган.

Биржа ҳисоботида айтилишича, бензин нархи бирданига 878,9 минг сўмга кўтарилиб, бир тоннаси 12 миллион 723 минг сўмга етган. Бу ҳисобда бир литр ёнилғи ўртача 9,5 минг сўм атрофида шаклланмоқда.

Мутахассислар бу ўзгаришни ички бозордаги талаб ва жаҳон нефт нархларидаги кескин ўзгаришлар билан изоҳламоқда.

Қизиғи шундаки, 2026-йил бошида ҳам АИ-92 бензини нархи ҳозирги кўрсаткичга яқин бўлган. Йил бошида бир тоннаси 12 миллион 752 минг сўм атрофида савдо қилинган. Бироқ 6-март куни нарх 11 миллион 844 минг сўмгача пасайган эди. Шу боис 10-мартдаги кескин ўсиш бозорда вазият тез ўзгариши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Ёнилғи бозоридаги ўзгаришлар халқаро нефт нархлари билан ҳам бевосита боғлиқ. 2026-йил 9-март куни Брент нефти нархи бир баррел учун 111,04 долларгача кўтарилди. Бундай кескин ўсишга Яқин Шарқдаги сиёсий вазият ва Ҳормуз бўғози атрофидаги хавфлар сабаб бўлгани таъкидланмоқда.

Бу денгиз йўлаги орқали дунё нефтининг катта қисми ташилади. Шу сабабли бу ҳудуддаги ҳар қандай хавф глобал энергетика бозорига дарҳол таъсир кўрсатади.

Экспертлар фикрича, бундай даражадаги нарх ўсиши 2022-йилда Россия–Украина уруши бошланганидан кейин биринчи марта кузатилмоқда.

Жаҳон бозоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир қилиши мумкин. Мамлакат нефт қазиб олиш ва бензин ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлса-да, ёқилғи бозорида импорт ҳам муҳим ўрин тутади.

Статистикага кўра, 2025-йилда Ўзбекистон хориждан тахминан 2 миллиард долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари импорт қилган. Шу маблағнинг 1,55 миллиард доллари бензин ҳиссасига тўғри келган. Нефт импорти бир йил олдингисига нисбатан 2,2 фоизга, бензин импорти эса 5,8 фоизга ошган.

2026-йил январ ойида ҳам импорт юқори бўлган. Ўша ойда мамлакатга 205,4 миллион долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари олиб кирилган. Шу маблағнинг 170 миллион доллари автомобил бензини учун сарфланган.

Бу кўрсаткичлар 2025-йил январ ойига нисбатан анча юқори. Жумладан, нефт импорти 43,2 фоизга, бензин импорти эса 44,8 фоизга ошган.

Энергетика соҳасида мамлакат ичида ҳам муайян муаммолар кузатилмоқда. Қиш мавсумида айрим ҳудудларда ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланган ҳолатлар кузатилди. Баҳор салқин келгани сабабли айрим заправкаларда чекловлар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бу ҳолатни газ таъминоти билан боғлиқ техник сабаблар билан изоҳлаб келмоқда. Вазирлик маълумотига кўра, ҳаво совиганда газ босими пасайиши мумкин ва бу ёқилғи таъминотига таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, халқаро сиёсий вазият ҳам иқтисодий хавфларни кучайтирмоқда. Тҳе Wалл Стреет Жоурнал маълумотига кўра, АҚШ ҳарбий раҳбарияти Ҳормуз бўғозида тижорат кемаларини ҳарбий кемалар билан кузатиб бориш операцияси юқори хавф билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган.

Манбаларга кўра, тор денгиз йўлагида катта ҳарбий кемаларни жойлаштириш уларни осон нишонга айлантириши мумкин. Шу билан бирга, агар танкерлар хавфсизлиги таъминланмаса, Ҳормуз орқали савдо оқимининг тикланиши ҳам қийинлашиши мумкин.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Яқин Шарқдаги кескинлик нефт бозорига таъсир қилмоқда: Ўзбекистонда бензин нархи нима учун ўзгаряпти? | Effect.uz