Ҳоким қарорида — 13 сотих, кадастр ҳужжатида ҳам — 13 сотих. Аммо меросхўр йиллар давомида солиқ тўлаб келган ернинг бир қисми бугун нега унинг тасарруфида эмас? Эффеcт.уз Ҳазораспда бир оиланинг йиллар давомида ечим топмаётган ер можароси ортидаги ҳужжатлар, баҳсли қурилиш ва масъул идоралар фаолиятини ўрганмоқда.
Хоразм вилояти азорасп тумани Саноат маҳалласида бир оиланинг ер майдони билан боғлиқ ҳолат қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Мавжуд ҳужжатларга кўра, Ҳазорасп тумани ҳокимининг 2017-йилдаги қарори билан марҳум Ибодуллаев Насуруллога тегишли турар жой ва ер участкаси бўйича ҳуқуқлар расмийлаштирилган.
Қарорда Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2016-йил 8-сентябрдаги 4213-сонли ҳал қилув қарори ижро учун қабул қилинган ҳамда 0,13 гектар ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган.

Кейинчалик расмийлаштирилган кадастр ҳужжатларида ҳам ер майдони 0,130 гектар, яъни 13 сотих сифатида қайд этилган.
Бироқ марҳумнинг меросхўри бугун ҳужжатда кўрсатилган ер майдонидан тўлиқ фойдалана олмаётганини билдирмоқда. Унинг даъвосига кўра, ернинг бир қисми қўшни ҳудуддаги қурилиш билан боғлиқ.
Эффеcт.уз ходимлари вазиятни ўрганишни бошлагач, Давлат кадастр палатаси мутахассислари жойига чиқиб ўлчов ишларини ҳам ўтказган. Таҳририятга берилган схемада 1117,2 кв.м “турар жой ери”, яна 284,6 кв.м “уй олди” сифатида ажратилган. Аммо ушбу 284,6 кв.м майдоннинг ҳуқуқий мақоми ва 2017-йилда расмийлаштирилган 1300 кв.м ер билан қандай боғлиқлигига аниқлик киритилиши лозим.

Масалани яна бир ҳолат мураккаблаштиради. Меросхўрнинг билдиришича, оила йиллар давомида ҳужжатларда қайд этилган 13 сотих ер майдони бўйича солиқ тўлаб келган. Бу маълумот солиқ органининг расмий ҳисоб-китоблари билан текширилиши керак.
Шу ўринда асосий савол пайдо бўлади: агар давлат фуқаронинг 13 сотих ерга бўлган ҳуқуқини тан олган, уни кадастрда қайд этган ва шу майдон асосида солиқ ҳисоблаган бўлса, бугун мазкур 1300 квадрат метр ернинг аниқ чегараси қаердан қаергача?
Яна бир муҳим масала — қўшнига тегишли эски бинонинг жойлашуви. Меросхўр ушбу қурилиш отасига расмийлаштирилган ернинг бир қисмига кирган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ бу даъвони қатъий тасдиқлаш учун 2017-йилги кадастр координаталари билан бугунги геодезик ўлчовларни таққослаш зарур.
Ҳоким қарорида маҳалла фуқаролар йиғини, архитектура ва қурилиш бўлими, кадастр хизмати ҳамда қарор ижросини назорат қилувчи мансабдорларга тегишли вазифалар юклатилгани ҳам эътиборга молик.
Шу сабаб Эффеcт.уз суриштирув давомида масъул идоралардан бир қатор саволларга жавоб излайди:
2017-йилда давлат томонидан тан олинган 13 сотих ернинг бугунги координаталари қаерда? Қўшнига тегишли бино мазкур чегарага кирадими? 13 сотих учун солиқ ҳисобланган бўлса, фуқаро ушбу ернинг барча қисмидан амалда фойдалана олганми? Ва энг муҳими — ҳокимнинг 2017-йилдаги қарори тўлиқ ижро этилганми?

Таҳририят ушбу саволлар юзасидан Ҳазорасп тумани ҳокимлиги, кадастр, архитектура ва қурилиш, солиқ органлари ҳамда бошқа масъул идораларнинг расмий муносабатини ўрганади. Қарши томоннинг позицияси ҳам тингланади.



