Давлат берган ҳуқуқ, Кадастр рад этган ариза ва суд эшигигача етиб келган баҳс…
Бу бир жумла Хивадаги муҳокамага нуқта қўйиши керак эди. Аммо бир неча ой ўтиб, ушбу иш бўйича фуқаро Лочин Ибрагимов Эффеcт.уз таҳририятига мурожаат қилди. Унинг айтишича, суд қарори ижро этилган деб ҳисобланган бўлса-да, у ҳали ҳам ўз ҳуқуқига эриша олмаган.
Эффеcт.уз ушбу материални тайёрлаш жараёнида 80 саҳифадан ортиқ суд ҳужжатлари, давлат органларининг расмий жавоблари, архив маълумотлари ҳамда мурожаатчи тақдим этган материалларни ўрганди. Материалда келтирилган барча фактлар мавжуд ҳужжатларга асосланади. Айни пайтда таҳририят мазкур масала юзасидан барча масъул давлат органларининг расмий муносабатини ҳам кутади.
Суд қарорини ким бажаради?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, суд ҳокимияти мустақил ҳисобланади. Судлар чиқарган ва қонуний кучга кирган қарорлар эса барча давлат органлари, мансабдор шахслар, ташкилотлар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир. Бу қоида қонунларда аниқ белгилаб қўйилган.
Аммо Эффеcт.уз ўрганган Хоразм вилоятидаги бир иш ушбу қоида амалда қандай ишлаши ҳақида жиддий саволларни ўртага чиқармоқда. Бу суриштирув ер ҳақида эмас. Бу суриштирув 300 квадрат метр ҳақида ҳам эмас.
Бу суриштирув қонуний кучга кирган суд қарорининг ҳақиқий ижроси нимани англатиши ҳақида.
Ҳаммаси 2001-йилда бошланган…
Ҳужжатларга кўра, 2001-йил 5-январда Хива туман ҳокимининг 3-сон қарори қабул қилинади. Ушбу қарор билан фуқаро Лочин Ибрагимовга бузилган уй ўрнига 300 квадрат метр ер майдони ажратилиши белгиланган. Бу оддий хизмат хати эмас. Бу давлат органи қабул қилган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Бу ҳужжат нима учун муҳим?
Чунки ушбу ишдаги барча кейинги воқеалар айнан шу қарордан бошланади. Агар мазкур қарор бўлмаганида, кейинчалик на Кадастр билан баҳс, на суд муҳокамаси юзага келган бўлар эди.
Архив ҳам ушбу қарор мавжудлигини тасдиқлайди
Орадан йиллар ўтади. Фуқаро ҳуқуқини амалга ошириш мақсадида тегишли идораларга мурожаат қилади. Шунда архив материаллари ҳам кўтарилади.
Архивнинг расмий маълумотномасига кўра, 2001-йилги ҳоким қарори ҳақиқатан ҳам мавжуд. Бу ҳолат кейинчалик суд муҳокамасида ҳам муҳим далил сифатида баҳоланган.
Орадан қарийб чорак аср ўтди...
Йиллар ўтиб, фуқаро ушбу қарор асосида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун Давлат кадастрлари палатасига мурожаат қилади. Мантиқан қараганда, аввал қабул қилинган қарорни расмийлаштириш жараёни бошланиши керак эди. Бироқ воқеалар бошқача ривожланади.
Кадастр жавоби: «Йўқ«
Фуқаро мурожаат қилади. Аммо Давлат кадастрлари палатаси унинг аризасини рад этади.
Рад этишга асос сифатида ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда аризадаги маълумотлар билан боғлиқ эътирозлар келтирилади. Мазкур рад жавоби кейинчалик бутун ишнинг судгача етиб боришига сабаб бўлади.

Бу ҳужжат нима учун муҳим?
Айнан шу рад жавоби фуқарони судга мурожаат қилишга мажбур қилган. Бу ҳужжатда келтирилган асослар кейинчалик суд томонидан ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланади.
Судгача етиб келган баҳс
Шу тариқа баҳс маъмурий судга кўчади. Энди савол шундай қўйилади:
Давлатнинг ўзи 2001-йилда қабул қилган қарор кейинчалик кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун етарли ҳуқуқий асос ҳисобланадими ёки йўқ?
Бу саволга жавобни энди суд бериши керак эди.
Суд бошқача қарор қабул қилди
Кадастрнинг рад жавобидан кейин фуқаро ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишга қарор қилди. Шу тариқа иш Урганч туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилди.
Суд олдидаги асосий савол оддий эди: 2001-йилги ҳоким қарори ва архив ҳужжатлари фуқаронинг ҳуқуқини тасдиқлайдими ёки йўқ?
Бу саволга жавоб бериш учун суд томонларнинг тушунтиришларини, архив маълумотларини ҳамда Кадастр келтирган асосларни ўрганди.
Суриштирув давомида ўрганилган ҳужжатларга кўра, суд ишни бир неча жиҳатдан баҳолаган. Аввало, суд Хива туман ҳокимининг 2001-йилги қарори ҳақиқатан ҳам қабул қилинганини эътиборга олган. Иккинчидан, мазкур қарор архив маълумотномаси билан ҳам тасдиқланганини қайд этган.
Учинчидан, Кадастр рад жавобида келтирилган асосларни қонунчилик талаблари нуқтайи назаридан таҳлил қилган.
Суд Кадастрнинг рад жавобини қонуний деб топмади
Ҳал қилув қарорида суд Кадастр келтирган асосларни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолайди. Суд хулосасига кўра, рад жавобида келтирилган асослар фуқаронинг талабини рад этиш учун етарли деб топилмаган. Натижада суд Давлат кадастрлари палатасининг рад жавобини қонунга зид деб ҳисоблайди. Бу эса мазкур ишдаги бурилиш нуқтасига айланади. Чунки энди баҳс фақат рад жавоби ҳақида эмас, балки давлат органининг мажбурияти ҳақида кетади.
Суд Кадастр зиммасига мажбурият юклади
Ҳал қилув қарорининг энг муҳим қисми унинг якуний қисми ҳисобланади. Чунки айнан шу ерда суд давлат органи қандай ҳаракат қилиши шартлигини белгилайди. Ушбу ишда ҳам суд шунчаки Кадастр қарорини бекор қилиш билан чекланмаган. Суд Кадастр зиммасига муайян ҳаракатни амалга ошириш мажбуриятини юклаган.

Бу эса кейинчалик ижро ишини қўзғатиш учун ҳуқуқий асос бўлган.
«...Давлат кадастрлари палатаси зиммасига кадастр паспортини расмийлаштириш мажбурияти юклансин...«

Кадастр ҳам, кейинги барча давлат органлари ҳам айнан шу ҳал қилув қарорини ижро этиши керак эди.
Суд қарори устидан шикоят келтирилмадими?
Ҳужжатларга кўра, ҳал қилув қарори устидан белгиланган муддатда шикоят берилмаган.
Бу эса суд қарорининг қонуний кучга киришига сабаб бўлган. Қонунга кўра, қонуний кучга кирган суд қарори барча давлат органлари учун мажбурий ҳисобланади.
Демак, ушбу босқичда энди баҳс судда эмас эди. Энди баҳс қарорни қандай ижро этиш масаласига кўчган эди.

Аммо шу ерда савол туғилади...
Агар суд қарори ҳақиқатан ҳам бажарилган бўлса... Нега мурожаатчи бугун ҳам ОАВга мурожаат қилмоқда?
Нега у ҳали ҳам кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганини айтмоқда?
Бу икки ҳолат бир вақтнинг ўзида қандай мавжуд бўлиши мумкин?
Бир томонда давлат ижрочиси:
«Ижро этилди.« дейди.
Иккинчи томонда эса фуқаро:
«Мен ҳали ҳам суд қарорининг натижасига эришмадим.« дейди.
Суд қарори ҳақиқатан ҳам қандай ижро этилган?
Ҳозирча таҳририятда мавжуд ҳужжатлардан шу нарса маълумки, иш МИБга чиқмаган. Чунки, маъмурий иш.
Бу саволга аниқ жавоб олиш учун таҳририят Мажбурий ижро бюросига расмий сўров юборади. Жумладан, қуйидаги саволларга жавоб сўралади:
Суд қарорининг қайси банди бажарилди?
Қайси ҳужжатлар асосида «ижро этилди« деган хулосага келинди?
Фуқаро суд қарори натижасига эришгани қандай тасдиқланади?
Бироқ воқеалар шу билан тугамаган...
Бу сафар гап энди архив ҳақида эмас эди.
Гап:
қўшнилар эътирози;
санитария ҳимоя зонаси;
Ичан-қалъа муҳофаза ҳудуди;
муҳандислик коммуникациялари ҳақида кета бошлайди. Бу эса янги саволни туғдиради.
Агар ушбу ҳолатлар мавжуд бўлган бўлса, нега улар суд муҳокамаси пайтида ҳал қилувчи асос сифатида баҳоланмаган?
Суд қароридан кейин нега янги асослар пайдо бўлди?
Мажбурий ижро бюроси суд қарорини ижро этилган деб ҳисоблаб, ижро ишини тамомлаганидан кейин ҳам ушбу иш бўйича мурожаатлар давом этган.
Таҳририятга тақдим этилган кейинги ҳужжатларни ўрганиш давомида эътиборни тортадиган яна бир ҳолат кузатилди.
Суд қароридан кейин давлат органларининг айрим расмий жавобларида аввал муҳокама қилинмаган бир қатор ҳолатлар келтирила бошланган.
Жумладан:
қўшнилар эътирози;
санитария ҳимоя зонаси;
Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси муҳофаза ҳудуди;
муҳандислик коммуникациялари.
Таҳририят ҳозирча ушбу ҳолатлар суд муҳокамаси давомида қандай баҳолангани ёки баҳоланмагани ҳақида қатъий хулоса чиқармайди.
Аммо айнан шу ҳолатлар қуйидаги саволларни туғдиради:
ушбу асослар суд муҳокамаси пайтида ҳам мавжуд бўлганми?
агар мавжуд бўлган бўлса, улар қандай ҳуқуқий баҳоланган?
агар мавжуд бўлмаган бўлса, кейинчалик қандай асосда келтирилган?
Яна бир ҳужжат...
Суриштирув давомида таҳририят ихтиёрига яна бир муҳим ҳужжат келиб тушди. Унда «Хоразм сув таъминоти« АЖ мазкур масала бўйича ўз муносабатини билдирган.

Агар мазкур ташкилот ҳақиқатан ҳам эътироз билдирмаган бўлса, бу ҳолат ҳам ҳуқуқий жиҳатдан изоҳ талаб қилади.
Эффеcт.уз нима демоқчи?
Ушбу суриштирувдан мақсад қайсидир давлат органини айблаш эмас. Таҳририятда бундай ваколат ҳам йўқ.
Бироқ таҳририятнинг вазифаси — жамоатчилик учун муҳим бўлган саволларни ўртага қўйиш ва барча томонларнинг расмий муносабатини эшитишдир.
Бу ишда ҳам асосий саволлар жавобсиз.
Агар:
2001-йилги ҳоким қарори мавжуд бўлса;
архив ушбу қарорни тасдиқлаган бўлса;
суд Кадастрнинг рад жавобини қонунга зид деб топган бўлса;
суд қарори қонуний кучга кирган бўлса;
Мажбурий ижро бюроси эса уни ижро этилган деб ҳисоблаган бўлса...
Нега Ибрагимов бугунгача суд қарори натижасига эришмаганини айтмоқда?
Бу савол нафақат ушбу иш учун, балки ҳар қандай фуқаро учун муҳим. Чунки ҳар бир инсон судга мурожаат қилганда, унинг энг катта умиди — қабул қилинган қарорнинг амалда бажарилишидир.

Эффеcт.уз расмий муносабат кутади
Таҳририят ушбу ҳолат юзасидан:
Давлат кадастрлари палатаси;
Мажбурий ижро бюроси;
Хива шаҳар ҳокимлиги;
зарур ҳолларда бошқа ваколатли давлат органларига ҳам расмий журналистик сўров юборади.
Келиб тушадиган барча жавоблар таҳрир қилинмасдан эълон қилинади.
ЯКУН
Бу суриштирув бир фуқаронинг 300 квадрат метр ер майдони ҳақидаги мурожаатидан бошланди. Бироқ ҳужжатлар ўрганилар экан, масала анча кенгроқ экани кўринди. Бу ерда асосий савол ернинг кимга тегишли экани эмас.
Асосий савол — қонуний кучга кирган суд қарорининг ижроси амалда нимани англатиши ҳақида.
Агар суд қарори ижро этилган бўлса, унинг натижаси қани? Агар ижро этилмаган бўлса, бунинг ҳуқуқий сабаби нима?
Бу саволларга жавоб бериш — нафақат ушбу иш иштирокчилари, балки суд қарорларининг ижросини таъминловчи барча давлат органлари учун ҳам муҳимдир.
Суд қарорини муҳокама қилиш мумкин.
Суд қарори устидан шикоят қилиш мумкин.
Суд қарорини юқори инстансияда бекор қилиш ҳам мумкин.
Аммо қонуний кучга кирган суд қарорини бажармаслик ёки унинг ижроси ҳақида турлича талқинлар пайдо бўлиши жамоатчиликда табиий саволларни туғдиради.
Хўш...
Суд қароридан ҳам кучлироқ қарор борми?
Муаллиф: Эффеcт.уз суриштирув гуруҳи



