Ўзбекистон

Хоразмча жумбоқ: 14 ёшли қизни ким зўрлади?

Administrator3-март, 2026, 22:05168 кўришлар

Эффеcт.уз таҳририятига Хоразм вилоятида яшовчи фуқаро Ихтиёр Назаров мурожаат қилди. У ўғли Жуманазар Қурбонбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорларини қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.

Биринчи инстансия ҳукми

2024-йил 16-сентябр куни Жуманазар Қурбонбоев Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, Боғот туман суди томонидан 3-йил озодликдан маҳрум этилган.

Апелляцияда жазо оғирлашди

Апелляция босқичида прокурор ташаббуси билан айблов қайта квалификация қилиниб, 118-модда 4-қисми қўлланилган ва жазо 5-йил озодликдан маҳрум қилиш тариқасида белгиланган.

Ҳимоя томони нима дейди?

Судланувчининг адвокати О.Машариповнинг таъкидлашича:

  • экспертиза хулосаларида қатъий ифода эмас, эҳтимолий баҳо берилган;

  • жабрланувчи кўрсатмаларида вақт ўтиши билан ўзгаришлар кузатилган;

  • айбни шубҳасиз тасдиқловчи далиллар етарли эмас.

Мурожаатчининг айтишича, дастлабки кўрсатмаларда бошқа шахслар тилга олинган, бироқ кейинчалик иш юритиш жараёнида суд ҳукмни ўзгартирган.

Олий суд позицияси

Шикоятлар Олий судгача бўлган барча босқичларда кўриб чиқилган. Олий суд раиси ўринбосари Алишер Усмонов имзоси билан юборилган жавобда ишни Олий суд мажлисида қайта кўриб чиқиш учун етарли асослар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Жавобда қуйи инстансия қарорлари биологик экспертиза хулосаси ва иш материаллари билан тасдиқлангани билдирилган.

Бироқ ушбу ишда жазо апелляция босқичида оғирлаштирилгани, айблов қайта квалификация қилингани ҳамда ҳимоя томони далилларни баҳолашда зиддиятлар борлигини кўрсатгани инобатга олинса, ишни Олий суд мажлисида муҳокама қилиш имконияти ҳуқуқий жиҳатдан ўринли бўлиши мумкин эди.

Маълумки, Олий суд босқичида ишни кўриш — бу айбдорликни автоматик бекор қилиш эмас, балки процессуал ва далилларнинг қонуний баҳоланганини текшириш имкониятидир. Шу маънода, айрим ҳуқуқшунослар бундай ишларда қўшимча очиқ муҳокама жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаши мумкинлигини таъкидламоқда.

Шу нуқтада савол туғилади:
иш материалларида баҳсли жиҳатлар мавжуд бўлган шароитда, ишни Олий суд мажлисида кўриш орқали ҳуқуқий аниқликка яна бир бор ойдинлик киритиш имкониятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмасмиди?

Жабрланувчи позицияси

Иш материалларига кўра, зўравонлик қурбони сифатида тилга олинаётган 14 ёшли қиз тергов жараёнида Қурбонбоевга нисбатан тўғридан-тўғри айблов билдирмаган. Дастлабки кўрсатмаларида у ўзини таъқиб қилиб, “Траcкер” русумли автомашинага мажбурлаб ўтқазган икки нафар йигит томонидан зўравонликка учраганини баён қилган.

Кейинги кўрсатмаларда ҳам Қурбонбоев томонидан зўравонлик содир этилмагани қайд этилган. Шу билан бирга, жабрланувчининг онаси қизи ўзини ўзи ҳаммомда жароҳатлаган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Адвокатнинг таъкидлашича, дастлаб иш доирасида бошқа шахслар қамоққа олинган бўлсада, кейинчалик вазият ўзгариб, Қурбонбоев айбланувчи сифатида жалб этилган ва суд ҳукми билан 5-йил озодликдан маҳрум этилган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳолаш масаласи ҳимоя томони томонидан баҳсли деб ҳисобланмоқда.

Шу билан бирга, ҳимоя томони жабрланувчининг турли босқичлардаги кўрсатмалари ўртасида тафовутлар мавжудлигини таъкидламоқда. Адвокатнинг билдиришича, айнан ушбу тафовутлар ишни қўшимча текшириш ёки қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.

Асосий ҳуқуқий масала

Жиноят-процессуал қонунчиликка кўра, айбни тан олиш ёки кўрсатма якка ҳолда ҳукм чиқариш учун етарли асос ҳисобланмайди. У бошқа мустақил далиллар билан мустаҳкамланиши шарт.

Шу нуқтада қуйидаги саволлар очиқ қолмоқда:

  • экспертиза хулосасида ноаниқ ифодалар мавжуд бўлса, улар қандай баҳоланган?

  • айбловни қайта квалификация қилишда қандай янги далиллар асос бўлган?

  • жазонинг оғирлаштирилиши қай даражада ҳуқуқий асосланган?

Таҳририят позицияси

Эффеcт.уз айбдорлик ёки айбсизлик масаласида хулоса чиқармайди. Бироқ ҳар қандай жиноят ишида далилларнинг холис, тўлиқ ва шубҳасиз баҳоланиши қонун устуворлигининг асосий тамойили эканини эслатади.

Таҳририят мазкур ҳолат юзасидан расмий идораларга сўров юборган. Қўшимча маълумотлар олингани сари жамоатчиликка тақдим этилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Хоразмча жумбоқ: 14 ёшли қизни ким зўрлади? | Effect.uz