Ўзбекистон

Халқаро курерлик жўнатмалари учун божхона йиғими 20 фоизга камайтирилади

Administrator14-октябр, 2026, 12:2627 кўришлар
Халқаро курерлик жўнатмалари учун божхона йиғими 20 фоизга камайтирилади

2026-йил 1-ноябрдан халқаро курерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш йиғими 20 фоизга пасайтирилади. Бу Президентнинг 12-октябрдаги транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга оид ПҚ–368-сон қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, 2026–2030-йилларда логистика марказларининг йиллик қувватини камида 40 млн тоннага, транспорт ва логистика хизматлари экспортини 3,5 млрд долларга, транзит юк ташиш ҳажмини 18,5 млн тоннага етказиш режалаштирилган. Халқаро қуруқлик портлари сони 24 тадан 30 тага оширилади. Чегара пунктларининг юк ўтказиш имконияти ва марказларнинг контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробар кенгайтирилади.

Хонобод шаҳри, Олот, Термиз, Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади. Марказларда терминал ва омборларни бошқариш тизимлари жорий этилиб, улар 2030 йил охиригача «Е-логистика» платформасига уланади.

Белгиланган талабларга жавоб берадиган марказлар 2040 йилгача ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Бунинг учун марказ ЭСКАТОнинг қуруқлик портлари тўғрисидаги битимига киритилган, бошқарув тизимларини жорий этган ва «Е-логистика»да камида «ББ» рейтингига эга бўлиши керак.

Реестрга киритилган марказлар учун мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган омбор ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар 2029-йил 1-августгача божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлашдан озод этилади.

Шунингдек, М₂, М₃ ва Н тоифасидаги транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар 2027-йил 31-декабргача мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божисиз импорт қилиши мумкин.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Халқаро курерлик жўнатмалари учун божхона йиғими 20 фоизга камайтирилади | Effect.uz