“Рекламага ишондик, лекин на том бор, на девор...”
Фуқароларнинг таъкидлашича, уларни энг биринчи навбатда бренднинг жозибадор рекламалари ва ваъдалари жалб қилган. Одамлар тўплаган жамғармаларини нақд кўринишда ва банк орқали топшириб, 2024 йил охирига қадар тайёр хонадонларга кўчиб ўтишни режалаштиришган.

“2022 йил ноябр ойида шартнома тузганмиз, 226 миллион сўм тўлаганмиз. 2024 йил декабрда уйни топширишлари керак эди. Мана ҳозирги аҳвол: на девор бор, на том бор. Телефон қилсак, турли баҳоналар билан ортга суриб келишди”, — дейди жабрланувчилардан бири.

Айниқса, ижарада яшаб, учта банкдан кредит олиб уй-жойга пул тиккан, ҳатто соғлиғини йўқотган фуқароларнинг дил оғриғи жуда чуқур. Кўпчилик тўлов қилгани ҳақида фақатгина кирим ордери (приходний ордер) олганини ва чеклар берилмаганини таъкидламоқда.

Бир хонадон бир нечта одамга сотилган
Суриштирувлар ва тергов жараёнида яна бир шубҳали ва ноқонуний ҳолат юзага чиқди. Баъзи хонадонлар бир эмас, бир нечта фуқароларга сотиб юборилган.

“Мен 100 фоиз тўловни амалга ошириб, шартномам базада расман расмийлаштирилганини текшириб олгандим. Аммо обектга борганимда, бошқа бир аёл ҳам айнан шу хонадон уники эканини даъво қилиб чиқди. Вазиятга ойдинлик киритганимиздан сўнг, масъуллар ушбу хонадон бир вақтнинг ўзида оғзаки ва норасмий битимлар орқали кўчада бошқа шахсларга ҳам сотиб юборилганини тан олишди”, — дейди жабрланган харидорлардан бири.

Вазиятнинг энг шубҳали томонларидан бири — ҳужжатлар хронологиясидир:
Қурилишнинг бошланиши: “Оригинал Люкс” МЧЖ 2022 йилда обектда ишларни бошлаган ва сотув бўлимларини очган.
Расмий рухсатнома: Қурилиш вазирлиги ва инспексия томонидан лойиҳага расман 2024 йилнинг июн ойидагина рухсат берилган. (Яъни 2 йил давомида ноқонуний қурилиш ва тарғибот олиб борилган).

Банк кредити ва гаров: Расмий рухсат берилганидан қисқа вақт ўтиб, компания масъуллари ушбу қурилаётган обектни Пойтахт банкка гаровга қўйиш орқали 25 миллиард сўм (бошқа банкдан яна 20 миллиард сўм) кредит ажратиб олишган.
Бугунги кунда кредит тўловлари тўхтаб қолгани ва банк бино эгасига айланиб қолиш хавфи борлиги фуқароларни жиддий хавотирга солмоқда. Банк вакиллари эса гаров нотариал тартибда қонуний расмийлаштирилганини ва кредит ажратишда амалдаги тартиб-қоидаларга амал қилинганини таъкидлашмоқда.
Ҳокимият ва мутасаддилар реаксияси ҳамда бир ҳафта ичидаги ижобий ўзгаришлар
Норози фуқаролар дастлаб Сергели туман, сўнгра Тошкент шаҳар ҳокимлиги биноси олдида тўпланди. Жазирама иссиқда бир неча соатлаб кутган фуқароларнинг мурожаатидан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг бевосита топшириғига асосан махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасида ўтказилган учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси, Сергели тумани ҳокими Даврон Исматов, туман прокурори, Қурилиш инспексияси (ГАСН) ҳамда Пойтахт банк вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда маълум қилинишича, асосий таъсисчилардан бири Шерзод Қурбонов чет элга қочиб кетган ва бошқа бир қанча гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш очилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда Бош прокуратура томонидан тергов ишлари давом эттирилмоқда. Шунга қарамай, ҳозирги раҳбар ва инвесторлар қурилишни тўхтатмасдан, 2024 йил якунига қадар дастлабки 5 та подъездни (8-подъезддан 13-подъездгача) битказиб, фуқароларга топширишга ваъда беришди. Жараённинг сифати Қурилиш инспексияси томонидан шартномага мувофиқлиги бўйича назорат қилинса, туман прокуратураси ва Сергели тумани ҳокимлиги томонидан жараён қатъий назоратга олинган.

Ишчи гуруҳ тузилиб, орадан бир ҳафта вақт ўтгач, обектда сезиларли ва ижобий ўзгаришлар юз берди:
Махсус назорат ўрнатилгунига қадар обектда атиги 8-10 нафар ишчи мажбурий тартибда аранг ишлаётган эди.
Раҳбарият ва мутасаддиларнинг бевосита аралашувидан сўнг, қурилиш майдонига кун сайин янги кучлар жалб этилди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 13 август куни ўтказилган навбатдаги учрашув ва кўздан кечириш жараёнида уй эгалари — 100 дан ортиқ фуқаролар обектга бориб, ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишди: ҳозирда қурилиш майдонида 120 нафардан ортиқ уста ва ишчилар жадаллик билан меҳнат қилмоқда.
Хулоса ва кутилаётган натижа
Собиқ қурувчиларнинг масъулияцизлиги, назорациз ноқонуний қурилишлар ҳамда банк гаров машмашаси оқибатида юзлаб оилалар, пенсионерлар ва бемор инсонлар кўчада сарсон бўлиб қолган эди.
Бироқ шаҳар ва туман ҳокимлиги, прокуратура ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан ишларга жиддий киришилгани ва кунлик назорат ўрнатилгани туфайли қурилиш суръати кескин ошди. Айни пайтда жабрланган 600 дан ортиқ фуқаро Бош прокуратура ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан ушбу тергов ва қурилиш жараёнларини охиригача қатъий назоратда ушлаб туришларини, пешона тери билан топган маблағлари эвазига қурилаётган ўз уйларини ўз вақтида топширишларида амалий ёрдам беришларини сўрашмоқда. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади



