Хоразмга келаётган меҳмонлар оқими йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу муносабат билан Урганч халқаро аеропортини халқаро стандартларга мос равишда кенгайтириш ва модернизация қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ҳам аеропортда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишишдан бошланди.

Урганч аеропорти 1960-йилда ишга тушган, 1992-йилда халқаро мақом олган. Умумий майдони 285 гектардан ортиқ бўлган мажмуа бугунги кунда ўнга яқин авиакомпаниянинг мунтазам қатновларига хизмат кўрсатмоқда.
Жорий йилда аеропорт томонидан 126 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоиз кўп.
Бироқ сайёҳлар оқими ва халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши аеропорт қувватларини тубдан оширишни тақозо этмоқда.
Урганч халқаро аеропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 264 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.

Хусусий шерик сифатида Жанубий Кореянинг дунёдаги йирик авиация хабларидан бирини бошқарадиган “Инчеон Интернатионал Аирпорт Cорпоратион” компанияси жалб этилган.
Реконструксия натижасида аеропортда “Боеинг 747” ва “Аирбус А350” каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконияти яратилади. Бу Хоразмга дунёнинг турли қитъаларидан тўғридан-тўғри, транзициз узоқ масофали парвозларни амалга ошириш имконини беради.

Лойиҳанинг биринчи босқичида 18 та ҳаво кемаси тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги қурилади.
Шунингдек, аеропортда замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари, кечаю кундуз ишлайдиган тиббиёт пункти ҳамда “Дутй Фрее” зонаси ташкил этилади.

Аеропортда расмий делегацияларга хизмат кўрсатадиган янги терминал ҳам бунёд этилмоқда. Лойиҳа тўлиқ якунлангач, аеропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 300 нафаргача ошади.
Президент Хива ва Урганч шаҳарлари йирик халқаро саммитлар, юқори даражадаги дипломатик учрашувлар, нуфузли иқтисодий ва маданий анжуманлар ўтказиладиган глобал майдонга айланаётганини таъкидлади.
Шу боис хорижий делегациялар учун аеропортда юқори даражадаги қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.




