Ўзбекистон

"Умра" баҳонасида минглаб доллар олганлар ушланди

Administrator20-октябр, 2026, 14:0140 кўришлар
"Умра" баҳонасида минглаб доллар олганлар ушланди

Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи оилавий корхона вакили фуқароларни “Умра” зиёратига юбориш учун тегишли ваколатга эга бўлмасада, ўзганинг ишончига кириб, у ва унинг 2 нафар қариндошини Саудия Арабистонига муборак сафарга жўнатиш ҳамда эзгу амалларни тўла-тўкис адо этишлари учун шароит яратиб бериш эвазига 3450 АҚШ доллари талаб қилган.

Лекин, у сўралган пул маблағидан 3000 доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу каби қонунбузилиш ҳолати Наманган вилоятида ҳам қайд этилди.

Хусусан, Наманган туманида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Учқўрғон туманида яшовчи фуқарони ноқонуний равишда “Умра” зиёратига юбориш эвазига 1350 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1200 доллар олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаролардан “Умра” зиёратини ташкил этишни ваъда қилаётган шахсларнинг лицензияларини текшириш, шубҳали таклифларга алданмаслик ҳамда тўловларни амалга оширишда эҳтиёткор бўлиш сўралади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

"Умра" баҳонасида минглаб доллар олганлар ушланди | Effect.uz