Жаҳон

Туркиядаги ўзбекистонликлар ноқулай об-ҳаво сабаб огоҳлантирилди

Administrator15-октябр, 2026, 12:3921 кўришлар
Туркиядаги ўзбекистонликлар ноқулай об-ҳаво сабаб огоҳлантирилди

Истанбул, Ялова ва Кожаели вилоятларида кучли ёмғир ва шамол сабаб сув тошқинлари хавфи юзага келиши мумкин. Ўзбекистонликлардан эҳтиёт чораларига риоя қилиш сўралди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиянинг Истанбул, Ялова ва Кожаели вилоятларида яшаётган ҳамда вақтинча бўлиб турган ўзбекистонликларни об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши муносабати билан огоҳликка чақирди.

Бош консулхона маълумотига кўра, кучли ёмғир, шамол ва ноқулай об-ҳаво шароитлари сув тошқинлари, йўлларда ҳаракатланишнинг қийинлашиши ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар хавфини келтириб чиқариши мумкин.

Шу муносабат билан фуқароларга зарурат бўлмаса, узоқ масофаларга сафар қилмаслик, кучли ёғингарчилик вақтида сув тўпланиши мумкин бўлган пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва туннеллардан узоқроқ бўлиш тавсия этилди.

Шунингдек, денгиз соҳиллари, дарахтлар, электр узатиш тармоқлари ва мустаҳкам ўрнатилмаган конструксиялар яқинида эҳтиёткор бўлиш, автомобил бошқаришда тезликни камайтириш ва хавфсиз масофани сақлаш сўралди.

Бош консулхона фуқароларни Туркиянинг ваколатли идоралари томонидан эълон қилинаётган расмий огоҳлантириш ва тавсияларга амал қилишга, ўз хавфсизлиги ҳамда яқинлари саломатлигига алоҳида эътибор қаратишга чақирди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Туркиядаги ўзбекистонликлар ноқулай об-ҳаво сабаб огоҳлантирилди | Effect.uz