Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой 31-июл куни Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида мамлакатнинг 2026-йил биринчи ярим йиллигига оид туризм кўрсаткичларини эълон қилди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Туркияга 25,8 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Шу даврда мамлакатнинг туризм даромадлари ўтган йилги кўрсаткични сақлаб қолиб, 25,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Меҳмет Нури Эрсой 2026-йилнинг биринчи ярмида минтақавий кескинликлар ва глобал ноаниқликлар туризм талабига маълум даражада таъсир кўрсатганини билдирди.
“Туркия ушбу можароларга аралашмаган ва барча авиакомпанияларимиз ҳамда аеропортларимиз узлуксиз ишлашда давом этган бўлса-да, Яқин Шарқ ҳаво ҳудудининг ёпилиши сайёҳлар оқимининг маълум даражада пасайишига олиб келди. 2025-йилнинг дастлабки олти ойида Туркия 26,4 миллион нафар сайёҳни қабул қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 25,8 миллионни ташкил этди. Йилнинг иккинчи ярми эса ижобий бошланди ва мавжуд прогнозларга кўра, йил якунига қадар натижалар сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда. Стратегик ташаббуслар натижасида туризм даромадларини 2025-йил даражасида сақлаб қолишга муваффақ бўлдик ва биринчи ярим йилликни 25,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги даромад билан якунладик”, — деди вазир.
Шунингдек, Туркияда сайёҳларнинг ўртача қолиш муддати ҳам ошди. Бу кўрсаткич 0,5 фоизга ортиб, 10,01 кечага етди. Бир кечага тўғри келадиган ўртача харажат эса 2,6 фоизга кўпайиб, 109 АҚШ долларини ташкил этган.
Туркияга энг кўп сайёҳ ташриф буюрган давлатлар таркиби ўзгаришсиз қолган. Биринчи ўринда Россия Федерацияси (2,65 миллион), ундан кейин Германия (2,44 миллион) ва Буюк Британия (1,58 миллион) қайд этилган.
&нбсп;




