Жаҳон

Тошкентдаги Ислом сивилизацияси маркази — Евроосиёдаги янги куч нуқтаси – Форбес

Administrator19-март, 2026, 17:14173 кўришлар
Тошкентдаги Ислом сивилизацияси маркази — Евроосиёдаги янги куч нуқтаси – Форбес

Нуфузли Форбес нашри Тошкентда очилган Ислом сивилизацияси марказини Евроосиёдаги янги маданий ва геосиёсий марказ сифатида баҳолади.

Тошкент шаҳридаги Ислом сивилизацияси марказининг расмий очилиши муносабати билан халқаро нашр Форбес таҳлилий мақола эълон қилди.

Мақолада Ўзбекистон лойиҳаси “Евроосиёдаги янги марказ” сифатида баҳоланиб, унинг маданий-дипломатик ва геостратегик аҳамияти алоҳида таъкидланган.

Материал муаллифи, геосиёсий таҳлилчи Камран Бохари, марказ ташкил этилишини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан боғлайди. Унинг фикрича, мамлакат минтақавий ўйинчидан глобал хавфсизлик, иқтисодиёт ва маданий ҳамкорликда фаол иштирокчига айланмоқда.

Нашрда қайд этилишича, мазкур марказ Евроосиё маконида исломий интеллектуал ва маданий анъаналарни намоён этувчи муҳим ташаббус ҳисобланади.

Шунингдек, Форбес марказни фақат маданий обект сифатида эмас, балки “маданий кучнинг стратегик платформаси” сифатида баҳолайди. У глобал беқарорлик ва ғоялар рақобати шароитида конструктив мулоқот учун муҳим майдон бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатга ҳам эътибор қаратилган. У исломнинг инсонпарварлик моҳиятини илгари суриш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантиришга қаратилгани қайд этилган.

Муаллиф фикрича, Ислом сивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг Евроосиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё ўртасидаги маданий ва дипломатик кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамловчи муҳим омилга айланмоқда.

Нашр шунингдек, мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини замонавий таъсир воситалари билан уйғунлаштира оладиган давлат сифатидаги позициясини кучайтиришини таъкидлайди.

Форбес марказ очилишини нафақат миллий, балки кенг қамровли геоиқтисодий ва геосиёсий стратегиянинг бир қисми сифатида баҳолаб, Тошкент Евроосиёда муҳим нуқтага айланаётганини қайд этган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкентдаги Ислом сивилизацияси маркази — Евроосиёдаги янги куч нуқтаси – Форбес | Effect.uz