Ўзбекистон

Тошкент вилоятида камбағалликни қисқартириш ва ёшлар бандлиги муҳокама қилинди

Administrator28-сентябр, 2026, 23:0951 кўришлар
Тошкент вилоятида камбағалликни қисқартириш ва ёшлар бандлиги муҳокама қилинди

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши ўтказилди. Унда аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ишлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.

Йиғилишда давлат раҳбарининг 3 ва 9-сентабрдаги видеоселектор йиғилишларида берилган топшириқлар ижроси доирасида вилоятда “Фавқулодда режим” жорий этилгани қайд этилди.

Айни пайтда вилоятдаги 717 минг хонадоннинг 584 минги — 81 фоизи хатловдан ўтказилган. Унда оилаларнинг даромад манбалари, бандлик ҳолати ва мавжуд имкониятлари ўрганилмоқда.

Камбағаллик даражаси юқори бўлган 92 та маҳаллага вилоят даражасидаги раҳбарлар бириктирилган. Ҳозиргача 71 та маҳаллада, яъни 77 фоизида амалий ишлар бошланган. Бироқ 21 та маҳаллада белгиланган вазифалар ижроси етарли даражада йўлга қўйилмагани қайд этилди.

Масъулларга ҳар бир хонадон билан индивидуал ишлаш, аҳолини доимий даромад манбаларига эга қилиш ва камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ натижага йўналтирилган чораларни кучайтириш топширилди.

Йиғилишда ёшлар бандлиги масаласи ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда таълим муассасаларини тамомлаган 77 372 нафар битирувчининг 72,5 минг нафари бандлиги таъминланган. Бироқ 4,8 минг нафар ёшнинг бандлик масаласи ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.

Масъулларга ушбу ёшларнинг ҳар бири билан индивидуал ишлаш, уларни билим ва касбига мос иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик ҳамда касб-ҳунарга жалб этиш бўйича манзилли чораларни кучайтириш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда асосий мезон бажарилган ишлар сони эмас, уларнинг аҳоли ҳаётидаги аниқ натижаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларга аниқ вазифа ва муддатлар белгиланди. Топшириқлар ижроси назоратга олинди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкент вилоятида камбағалликни қисқартириш ва ёшлар бандлиги муҳокама қилинди | Effect.uz