Тошкент туманидаги 2,5 гектар ер майдони билан боғлиқ ишда Нурафшон туманлараро маъмурий суди ҳокимликнинг ер муносабатларига оид ваколати масаласини кўтарди. Суд ҳужжатида ПФ-6243-сон Президент Фармони билан маҳаллий ҳокимликларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш ва ўзгартириш ваколати 2021-йил 1-августдан бекор қилингани қайд этилади.
Шунга қарамай, Тошкент туман ҳокими 2026-йил 22-январда 2021-йилги ерга оид қарорга ўзгартириш киритган. Бу эса Президент фармонига зиддир. Фармонда ушбу йўналишда қатъий прокурор назоратини ўрнатиш вазифаси Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев зиммасига юкланган. Шундай экан, суднинг хусусий ажримида қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган мазкур вазиятда прокурор назорати доирасида қандай чоралар кўрилган?
Тошкент туманидаги 2,5 гектар ер майдони билан боғлиқ ҳужжатлар занжири бир-бирига уланганда, оддий кўринадиган маъмурий қарор ортида жиддий ҳуқуқий саволларни келтириб чиқаради.
Гап Тошкент тумани ҳокимининг 2021-йилдаги қарори билан “М.Г.С” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктирилган ер майдони ҳақида кетмоқда. Кейинчалик ушбу қарорга ўзгартириш киритилди. Орадан вақт ўтиб, киритилган ўзгартириш бекор қилинди. Шундан сўнг эса “М.Г.С” МЧЖ судга мурожаат қилди.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ер масаласи бўйича аввалги суд муҳокамасида Нурафшон туманлараро маъмурий суди Тошкент туман ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлигини қайд этиб, хусусий ажрим чиқарган.
Шунга қарамай, кейинги суд жараёнида ҳокимликнинг 2026-йил 11-июндаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Хўш, воқеалар қандай ривожланган?
Ҳикоя 2021-йилдан бошланади
Тошкент туман ҳокими О.Рустамовнинг 2021-йил 3-июндаги 677-сон қарори билан Қизғалдоқ ҳудуди, Боғизилол МФЙ манзилида жойлашган, юқори кучланишли электр тармоғининг муҳофаза минтақасида бўлган туман захирасидаги жами 2,5 гектар ер майдони “М.Г.С” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктирилган.

Ҳужжатларга кўра, ердан ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва манзарали кўчатлар етиштириш мақсадида фойдаланиш белгиланган. Ушбу қарор кейинчалик Халқ депутатлари Тошкент туман кенгашининг 2022-йил 27-январдаги қарори билан тасдиқланган. Шу тариқа ерга оид ҳуқуқий муносабатлар бир неча йил давомида амалда бўлиб келган. Бироқ 2026-йилда ҳужжатга яна бир ўзгартиш киритилади.
2026-йил 22-январ: ҳокимнинг Президент фармонига зид бўлган янги қарори
Тошкент тумани ҳокими Сардор Эргашевнинг 2026-йил 22-январдаги 6-10-212-Қ/26-сон қарори билан 2021-йил 3-июндаги 677-сон қарорга қисман ўзгартириш киритилди. Қарорни қабул қилишга “М.Г.С” МЧЖнинг 2026-йил 13-январдаги мурожаати, Қизғалдоқ маҳалласи томонидан берилган далолатнома, Тошкент туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимининг хати ҳамда Давлат кадастрлар палатаси туман филиалининг хати асос қилиб кўрсатилган.

Қарорнинг биринчи банди билан 2021-йилги 677-сон қарорнинг барча бандларидаги “Боғизилол МФЙ” сўзлари “Қизғалдоқ МФЙ” сўзларига ўзгартирилган. Бир қарашда бу фақат маҳалла номи билан боғлиқ техник ўзгартишдек кўриниши мумкин. Аммо кейинги суд ҳужжатида айнан шу қарорнинг қабул қилиниши билан боғлиқ ҳокимлик ваколати масаласи жиддий савол остига қўйилган.
ПФ-6243: ҳокимликда бундай ваколат бор эдими?
Нурафшон туманлараро маъмурий судининг 2026-йил 3-июндаги хусусий ажримида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 8-июндаги ПФ-6243-сон Фармонининг 4-бандига алоҳида эътибор қаратилган.
Унга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қатор ваколатлари, жумладан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек шу масалалар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021-йил 1-августдан бекор қилинган.
Суд ҳужжатида очиқ қайд этилган:
“Шунга кўра, туман ҳокимлиги бугунги кунда ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгилашга, эътироф этишга ёки ўзгартиришга ваколатли эмас”.

Шундан кейин эса суд 2026-йил 22-январда Тошкент туман ҳокимлиги томонидан айнан шу қарорда МФЙ номи ўзгартирилганини қайд этган.
Бу ерда жуда муҳим савол туғилади:
Агар ПФ-6243-сон Фармон билан маҳаллий ҳокимликларнинг ерга оид ҳуқуқларни ўзгартириш ваколати 2021-йил 1-августдан бекор қилинган бўлса, 2026-йил 22-январда Тошкент тумани ҳокими 2021-йилги ерга оид қарорга қандай ҳуқуқий асос билан ўзгартириш киритган?
Бу саволга жавоб бериш айниқса муҳим. Чунки 22-январдаги қарорнинг ўзида ҳуқуқий асос сифатида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси кўрсатилган. ПФ-6243 эса қарор матнида тилга олинмаган, чунки бу фармон Президент томонидан айнан шу каби қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида имзоланганди. Шунга қарамай, ҳокимлик ушбу фармонга қарши борди.
Суд эса хусусий ажрим чиқарди
2026-йил 3-июн куни Нурафшон туманлараро маъмурий судида судя Ш.Ф. Ниязов раислигида кўрилган ишда Тошкент туман ҳокимлиги ва Халқ депутатлари Тошкент туман кенгаши жавобгар сифатида иштирок этган, “М.Г.С” МЧЖ эса учинчи шахс сифатида қатнашган. Ишда прокуратура вакили ҳам иштирок этган. Суд ишни кўриш жараёнида Тошкент туман ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлигини қайд этган. Натижада суд хусусий ажрим чиқаради.

Унда ҳокимлик мансабдор шахслари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан чора кўриш, хусусий ажримни ходимлар йиғилишида муҳокама қилиш ва келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўймаслик вазифаси юклатилган.

Шунингдек, қонунга кўра, хусусий ажрим юборилган давлат органи кўрилган чоралар ҳақида белгиланган муддатда судга хабар бериши лозим эди. Демак, 3-июн ҳолатига келиб, ҳокимликнинг 22-январдаги қарори атрофида ҳуқуқий саволлар оддий тахмин эмас, суд ҳужжатида қайд этилган ҳолатга айланган эди.
Адлия тақдимномаси ва ҳокимликнинг ўз қарорини бекор қилиши
Воқеалар хронологиясида жуда муҳим нуқта бор. Тошкент туман Адлия бўлимининг 2026-йил 9-апрелдаги 6/71-сон тақдимномаси мавжуд.

Эътиборли жиҳати: ушбу тақдимнома 3-июндаги хусусий ажримдан олдин берилган. Демак, 9-апрелдаги тақдимномада 3-июнда чиқарилган хусусий ажрим инобатга олинган деб айтиш мумкин эмас.
Аммо 2026-йил 11-июнга келиб вазият бошқача эди. Чунки бу вақтда хусусий ажрим аллақачон чиқарилган эди. Шу куни Тошкент тумани ҳокими 2026-йил 11-июндаги 242-10-212-Қ/26-сон қарор билан 22-январдаги 6-10-212-Қ/26-сон қарорни бекор қилди.

Қарорда уни қабул қилишга асос сифатида Тошкент туман Адлия бўлимининг 2026-йил 9-апрелдаги 6/71-сон тақдимномасини кўрсатди. Суднинг хусусий ажрими эса четда қолди. Шу билан ҳокимлик 22-январда қабул қилган қароридан ўзи воз кечди. Бу ҳолатнинг ўзи ҳам журналистик нуқтайи назардан жиддий савол туғдиради:
Агар 22-январдаги қарор қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган бўлса, нега ҳокимлик уни Адлия тақдимномаси асосида бекор қилди?
Агар қарорни бекор қилиш зарур бўлган бўлса, нега уни қабул қилишдан олдин ваколат ва қонуний асослар етарлича текширилмади?
Бу саволларга ҳокимликнинг ўзи аниқ жавоб бериши керак.
Ҳокимликнинг қарори кейин судга олиб чиқилди
22-январдаги қарор бекор қилингач, “М.Г.С” МЧЖ ушбу бекор қилиш қароридан норози бўлиб, судга мурожаат қилди. Ва шу ерда мазкур ишнинг энг баҳсли нуқталаридан бири пайдо бўлади.
Ҳокимлик 22-январдаги қарорни ўзи қабул қилди. Ҳокимлик кейинчалик уни ўзи бекор қилди. Сўнгра айнан шу бекор қилиш қарори судда баҳс қилинганда, ҳокимлик томонидан суд мажлисида вакил иштирок этмади. Индашмади, вазиятга панжа ортидан қарашди.
Яъни қарорни қабул қилган давлат органи уни бекор қилди, кейин эса қарорни бекор қилишнинг қонунийлиги судда баҳс қилинган пайтда ўз позициясини фаол ҳимоя қилмади. Бу ҳолатни шунчаки жисмоний жиҳат сифатида қабул қилиш қийин. Чунки судда давлат органи жавобгар сифатида турган бўлса, унинг ҳуқуқий позицияси, қарорни бекор қилишга асослари ва Адлия тақдимномасининг мазмунини тушунтириши муҳим эди.
Нега ҳокимлик вакили судда қатнашмади? Нега давлат органи ўзи қабул қилган қарорни бекор қилишга сабаб бўлган ҳолатларни судга тўлиқ тушунтиришга ҳаракат қилмади?
Нега аввалги суд хусусий ажримида қайд этилган ҳолатлар кейинги суд жараёнида ҳокимликнинг ҳуқуқий позициясида акс этмади?
Бу саволлар ҳали очиқ.
Судя Ж.Бобоев нимани кўрди ва нимани кўрмади?
Кейинги босқичда масала судга борди ва ишни судя Ж.Р. Бобоев кўриб чиқди. Суд 11-июндаги ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Бу ерда биз судянинг қабул қилган қарорига нисбатан ҳуқуқий танқидий савол қўйишга ҳақлимиз.
Чунки судя Бобоев кўраётган иш оддий “маъмурий қарорни бекор қилиш” иши эмас эди.
Унинг ортида:
2026-йил 22-январдаги ҳоким қарори;
2026-йил 9-апрелдаги Адлия тақдимномаси;
2026-йил 3-июндаги суднинг хусусий ажрими;
ПФ-6243-сон Фармонда белгиланган ер муносабатларига оид ваколатлар;
ҳокимликнинг ўз қарорига кейинчалик берган ҳуқуқий баҳоси
каби бир-бири билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд эди.
Энг қизиғи, 3-июндаги хусусий ажрим судя Бобоев кўрган ишдан олдин мавжуд бўлган.
Шунинг учун бу ерда икки эҳтимолдан бири бор.
Ё хусусий ажрим кейинги суд иши материалларига тақдим этилмаган. Ёки тақдим этилган бўлса, суд унинг мазмунига етарлича ҳуқуқий баҳо бермаган.
Қайси бири бўлган? Буни Бобоев билади. Шу учун ҳар икки ҳолатда ҳам жиддий савол пайдо бўлади.
Агар хусусий ажрим судга тақдим этилмаган бўлса, нега жавобгар — ҳокимлик судга ўз қарорининг ҳуқуқий тарихини тўлиқ тақдим этмади?
Агар тақдим этилган бўлса, нега судя Бобоев 3-июндаги суд ҳужжатида қайд этилган ПФ-6243 билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида ҳуқуқий баҳо бермади?
Ахир 3-июндаги суд ҳужжатида туман ҳокимлиги ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш ёки ўзгартиришга ваколатли эмаслиги тўғридан-тўғри қайд этилган. Бу ҳолат эътиборсиз қолдириш мумкин бўлмаган ҳуқуқий нуқта.
Судя Бобоев 22-январдаги қарорнинг моҳиятини, уни қабул қилган органнинг ваколатини ва ПФ-6243 талабларини ўзаро боғлаб кўрганми?


Агар кўрган бўлса, нега бу масала суд ҳужжатида аниқ ва очиқ ҳуқуқий баҳоланмаган?

Агар кўрмаган бўлса, нима учун? Бу ҳолатда биз — судяни айбдор деб эълон қилишдан йироқмиз. Аммо бу — суд ҳужжати ва ундаги ҳуқуқий баҳолардан келиб чиқиб берилаётган жиддий журналистик савол.
Прокурор назорати қаерда?
Бу ишда яна бир жуда муҳим жиҳат бор. ПФ-6243-сон Фармонда Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари нормалари бузилишига, жумладан ер участкаларини бериш ва олиб қўйиш билан боғлиқ ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан қатъий прокурор назорати ўрнатиш вазифаси белгиланган.
Фармонда айбдор шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш учун масъулият Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев зиммасига юкланган.

Шу нуқтайи назардан савол янада жиддийлашади:
Агар суднинг хусусий ажримида Тошкент туман ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган бўлса, бу ҳолат бўйича прокурор назорати доирасида қандай чоралар кўрилди? Судда қатнашган Тошкент вилояти прокуратураси прокурори А.Ғ.Ортиқов уйқудамиди?
Шунингдек, хусусий ажримнинг ўзида ҳокимликка чора кўриш ва натижаси ҳақида судга хабар бериш вазифаси юкланган.
Шундай экан:
ПФ-6243 талаб қилган қатъий прокурор назорати амалда қандай намоён бўлди?
Хусусий ажрим бўйича прокуратура томонидан қандай ҳуқуқий баҳо берилди?
Ҳокимлик мансабдор шахсларининг ҳаракатларида қонунбузилиш аниқланганидан кейин ушбу ҳолат бўйича қандай чоралар кўрилди?
Бу саволлар, айниқса, ер муносабатлари каби коррупсия ва мансаб ваколатларидан фойдаланиш хавфи юқори бўлган соҳада жавобсиз қолмаслиги керак.
Энг қизиқ жойи — бир қарорга икки хил ҳуқуқий муносабат
Ҳужжатлар занжирига қаранг:
2026-йил 22-январ — ҳокимлик “М.Г.С” МЧЖнинг мурожаати асосида 2021-йилги қарорга ўзгартириш киритди.
2026-йил 9-апрел — Тошкент туман Адлия бўлими 6/71-сон тақдимнома киритди.
2026-йил 3-июн — Нурафшон туманлараро маъмурий суди хусусий ажрим чиқариб, ҳокимлик мансабдор шахслари томонидан қонунбузилиш ҳолатларини қайд этди.
2026-йил 11-июн — ҳокимлик Адлия тақдимномаси асосида 22-январдаги қарорни бекор қилди.
Шундан сўнг — “М.Г.С” МЧЖ судга мурожаат қилди.
Кейинги суд — ҳокимликнинг 11-июндаги бекор қилиш қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Шу тариқа бир қарорнинг тақдирида икки хил ҳуқуқий позиция пайдо бўлди:
ҳокимлик: “қарорни бекор қилиш керак”, деди;
“М.Г.С” МЧЖ: “бекор қилиш қонуний эмас”, деди;
суд: ҳокимликнинг бекор қилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топди.
Аммо аввалги суднинг хусусий ажрими эса 22-январдаги қарорни қабул қилиш билан боғлиқ ҳокимлик ваколати масаласини ПФ-6243 нуқтайи назаридан жиддий муаммо сифатида қайд этган.
Шу сабаб ишнинг энг муҳим саволи жавобсиз:
22-январдаги қарорни қабул қилишга ҳокимликнинг ўзида қонуний ваколат бор эдими?
Бу ишда ҳали жавобсиз қолган 5 та савол бор...
Биринчи. Агар ПФ-6243 билан ҳокимликнинг ерга оид ҳуқуқларни ўзгартириш ваколати 2021-йил 1-августдан бекор қилинган бўлса, 2026-йил 22-январдаги қарор қандай ҳуқуқий ваколат асосида қабул қилинди?
Иккинчи. Нега ҳокимлик 22-январдаги ўз қарорини кейинчалик Адлия тақдимномаси асосида бекор қилди?
Учинчи. Нега ҳокимлик ушбу бекор қилиш қарорининг қонунийлиги судда баҳс қилинганда суд мажлисида вакил билан иштирок этмади?
Тўртинчи. 3-июндаги хусусий ажрим кейинги суд иши материалларига тақдим этилганми? Агар тақдим этилган бўлса, нега унда қайд этилган ПФ-6243га оид ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмади? Агар тақдим этилмаган бўлса, нега жавобгар ҳокимлик ишнинг ҳуқуқий тарихини судга тўлиқ тақдим этмади? Судга нега келишдан бош тортди, индамади. Ҳокимлик кимнинг манфаатини ҳимоя қилди, ўзиними ёки...
Бешинчи. ПФ-6243 билан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев зиммасига юкланган қатъий прокурор назорати мазкур ҳолатда қандай амалга оширилди?
Гап фақат 2,5 гектар ҳақида эмас
Мазкур ишни фақат “«М.Г.С” МЧЖ ва ҳокимлик ўртасидаги ер низоси» сифатида кўриш масаланинг муҳим қисмини четда қолдиради.
Чунки бу ҳужжатлар давлат органи қарор қабул қилаётганда ваколат чегараларига қай даражада риоя қилингани, қарор кейинчалик нима сабабдан бекор қилингани, судда давлат органи ўз позициясини қандай ҳимоя қилгани ва аввалги суд ҳужжатларида қайд этилган ҳолатлар кейинги суд жараёнида қандай баҳолангани ҳақида саволларни ўртага чиқармоқда.
Шу билан бирга, “М.Г.С” МЧЖни қонунбузар деб аташ учун мазкур ҳужжатларнинг ўзи етарли асос эмас. Худди шунингдек, судя Ж.Р. Бобоев ёки ҳокимликнинг муайян мансабдор шахсларини жиноят ёки коррупсияда айблаш ҳам мумкин эмас. Буни фақат ваколатли органнинг тегишли ҳуқуқий хулосаси ҳал қилиши мумкин. Яъни ПРОКУРАТУРА.
Аммо журналистиканинг вазифаси — ҳужжатда кўринаётган зиддиятларни яшириш эмас, уларга савол қўйиш.
ЭФФЕCТ.УЗ таҳририяти ушбу саволларга жавоб олиш учун вилоят ҳокимлиги, Тошкент тумани ҳокимлиги, Адлия бўлими, Нурафшон туманлараро маъмурий суди ва прокуратура органларига мурожаат қилишни давом эттиради.
Чунки бу ерда гап фақат 2,5 гектар ер ҳақида эмас. Гап давлат қарорининг ҳуқуқий асоси, мансабдор шахснинг ноқонуний ҳаракати, суддаги ҳимоя ва асосийси қонун устуворлиги ҳақида кетмоқда. Энг ачинарлиси, ҳокимиятнинг Президент фармонига зид ҳатти-ҳаракати ва тегишли идора (прокуратура)нинг ишга қанчалик маъсулият билан ёндошгани.



